Россия Федерал божхона хизмати мамлакатда қисман сафарбарлик бошланганидан сентябрь ойининг охиригача нақд пулларни чет элга ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳоллари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли икки баравар кўпайганини маълум қилди. Ноқонуний нақд пуллар, асосан, БАА, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон йўналишларида олиб чиқилмоқда. Бу борада қонунбузарлик ҳолатларининг ҳар иккинчиси Россиядан 10 минг доллардан ортиқ валютани олиб чиқишга қўйилган тақиқни четлаб ўтиш ҳолати ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, 2022 йил 20 сентябрдан 30 сентябргача бўлган даврда нақд пулларни чегарадан ноқонуний олиб ўтиш бўйича 557 та факт аниқланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 93 фоизга кўпдир. Ноқонуний ўтказилган пулларнинг умумий миқдори 63 фоизга ошиб, 160,5 миллион рублни ташкил этди. Божхона хизмати қоидабузарликлар сонининг кўпайишини йўловчилар оқимининг ортиши, шунингдек, бошқа мамлакатларда банклар орқали пул ўтказиш ва Россия карталаридан фойдаланиш имкони йўқлиги билан изоҳлади.
Кўпчилик россияликлар рублни БАА, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон йўналишида олиб чиқишга уринган. Мамлакатдан олиб чиқилаётган пул бирликлари, асосан, рубль, АҚШ доллари ва евро ҳисобланади.
Россиядан белгиланган миқдордан кўпроқ нақд валюта олиб чиқилиши МИР карталарининг айрим ҳолларда Россиядан ташқарида ишламаётгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Юқорида номлари келтирилган мамлакатлардан БААда аввалдан МИР тўлов тизимига хизмат кўрсатиш мавжуд бўлмаган, қолган давлатлар — Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистонда ҳозир МИР карталари билан ишлаш бутунлай тўхтатилган.
Аввалроқ иқтисодчи Отабек Бакиров россиялик саррофлар Ўзбекистон орқали валюталар курсларидаги фарқ орқали юқори даромадга эришаётгани ҳақида ёзган эди. Спекулянтлар Ўзбекистон орқали амалга оширган транзакцияларидан уч кунда 50% даромад қилиб келган.
Ушбу омил ва бир қатор бошқа омиллар таъсирида ҳозирда Ўзбекистон тижорат банкларида нақд доллар танқислиги кузатилмоқда. Айрим банклар нақд доллар сотиб олиш бўйича норасмий тақиқ жорий қилган.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда "Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи" мавзусида йирик иқтисодий форум ўтказилади
"XALQ 25 QUIZ" ўйинлари Самарқанд, Жиззах ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтди - фото
Россияликларга Ўзбекистонга бориб Visa ва Mastercard карталарини очтириб келишни кўзда тутувчи саёҳат таклифлари пайдо бўлмоқда