2022 йил 26 сентябрь куни "Трастбанк" ХАБ Бош офисида Жанубий Кореянинг етакчи банкларидан бири саналадиган Kyongnam Bank Бошқаруви раиси Чой Хонг Ёнг (Choy Xong Yong) бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Kyongnam Bank'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2021 йил 15 март куни Ўзбекистон Марказий банки томонидан аккредитациядан ўтказилган.
Учрашувда ўзаро икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга урғу берилди. Хусусан, “Жанубий Кореянинг етакчи молия муасассаси билан муносабатларни йўлга қўйишдан мамнунмиз. Бу ҳамкорлик истиқболда ўзининг ижобий самарасини беришига ишонамиз”, – деди "Трастбанк" ХАБ Бошқаруви раиси Сардор Нормухамедов.
Фото: Трастбанк
Ўз навбатида, Kyongnam Bank Бошқаруви раиси Чой Хонг Ёнг мазкур учрашув кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилишини, қолаверса, Меморандум ҳам икки молия муассасаси учун манфаатли бўлишини таъкидлади.
Фото: Трастбанк
Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда "Трастбанк" ХАБ ва Жанубий Корея молиявий гуруҳи “BNK Financial Group” таркибига кирадиган етакчи банк “Kyongnam Bank” ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки молия муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Хусусан, банк операциялари, ахборот технологиялари, кредитлар ва банк депозитларини бериш борасида тажриба алмашилади. Қолаверса, ишбилармонлик учрашувлари ўтказиш, икки банкнинг амалий фаолияти билан яқиндан танишиш назарда тутилган.
Фото: Трастбанк
Шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Делегация аъзолари Трастбанкнинг Амалиёт бошқармасида иш жараёни билан танишди. Шунингдек, Трастбанк фаолияти тарихидан сўзлайдиган музейдаги экспонатларни кўздан кечирди. Kyongnam Bank Бошқаруви раиси Чой Хонг Ёнг фахрий меҳмонлар китобида ўз тилакларини билдириб, дастхат қолдирди.
Фото: Трастбанк
Маълумот ўрнида. Kyongnam Bank Жанубий Кореянинг йирик молиявий гуруҳи BNK Financial Group'нинг бир қисми ҳисобланади. Мазкур компаниянинг 473 та филиали мавжуд бўлиб, улардан 59 таси хорижий мамлакатларда жойлашган. Унинг активлари 100 млрд АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади.
Ушбу молиявий гуруҳ таркибига кирадиган Kyongnam Bank 1970 йилда ўз фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, турли кредит маҳсулотлари ва карталари, суғурта маҳсулотлари каби барча турдаги банк хизматларини тақдим этади. Банк халқаро рейтинглардаги ўрнини ҳам мустаҳкамлаган. Жумладан, 2021 йил 21 май куни Moody’s Investors Service рейтинг агентлиги Kyongnam Bank'нинг узоқ муддатли халқаро рейтингини "Барқарор" прогнози билан "А2" даражасида тасдиқлади. Банкнинг активлари 93,10 млрд АҚШ доллари, устав капитали эса 6,581 млрд АҚШ долларини ташкил этади.
Фото: Трастбанк
Тасодифий хабарлар
Уч вилоятда жами 3,2 млрд сўмдан кўпроқ кредит маблағлари талон-торож қилинган
Халқ банкида "Бизнесга биринчи қадам" дастури доирасида 129 млрд сўмлик кредитлар ажратилди
2021-2023 йилларга Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси тасдиқланди