Туронбанк иқтидорли талаба ёшлар учун махсус стипендия жорий қилди

Туронбанк иқтидорли талаба ёшлар учун махсус стипендия жорий қилди

Фото: Туронбанк

"Туронбанк" акциядорлик тижорат банки жорий йилдан бошлаб Ўзбекистондаги олий ўқув юртига юқори балл билан ўқишга қабул қилинган талабалар учун махсус стипендия жорий қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар бермоқда.

Махсус стипендия республикамиздаги олий таълим муассасаларида (Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, Молия институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва бошқалар) иқтисодиёт йўналиши бўйича энг юқори балл тўплаб ўқишга қабул қилинган 100 нафар талаба номзод сифатида таклиф этилди. Номзод ёшлар Туронбанк Бошқарув раиси Чори Мирзаев билан учрашди. Учрашув давомида банк бошқарув раиси номзодлар билан танишиб, улар билан суҳбатлашди. Уларга, стипендияни қўлга киритиш орқали тақдим этиладиган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Туронбанк

Қайд этилишича, стипендиядан ташқари шартнома асосида таҳсил оладиган талабаларнинг контракт суммалари ҳам тўлаб берилади. Биринчи ва иккинчи курсларда стипендия соҳибларининг фақатгина билим олишлари учун барча шароитлар яратилади, 3 курсдан бошлаб "Туронбанк" АТБда меҳнат фаолиятини бошлаш имконияти яратилади. Шу билан бирга уларнинг фаолияти доимий эътиборда бўлиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, банк томонидан ўтказиладиган турли тадбирлар ва семинарларда иштирок этиб, таътил вақтларида бемалол банкда иш ўрганиш имкониятига ҳам эга бўлишади.

Маълумот тариқасида: Туронбанк биринчилардан бўлиб молия ва иқтисодиёт йўналишидаги ОТМларнинг битирувчи босқич талабаларини махсус тест синовлари ва суҳбат асосида ишга жалб қилиш тизимини йўлга қўйган эди. Ушбу ижобий тажриба натижасида, айни вақтда молия муассасасида фаолият олиб бораётган умумий персоналнинг қарийб 38 фоизи яъни 300 нафарини интилувчан ёшлар ташкил этмоқда.


×