UZCARD Ўзбекистонда МИР карталарига хизмат кўрсатиш давом эттирилаётганини маълум қилди

UZCARD Ўзбекистонда МИР карталарига хизмат кўрсатиш давом эттирилаётганини маълум қилди

Ўзбекистонда МИР тўлов тизими карталарига, жумладан UZCARD-MIR кобейджинг карталарига ҳеч қандай чекловларсиз хизмат кўрсатиш давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Ягона умумреспублика процессинг маркази (UZCARD тўлов тизими) Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига маълум қилган.

“Ҳозирда Ўзбекистон банкларида Мир карталарига ҳеч қандай чекловларсиз хизмат кўрсатилмоқда”, — дейилади хабарда.

UZCARD тўлов тизимининг расмий веб-сайтида ушбу хабар эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистоннинг бешта банки — Халқ банкиМикрокредитбанкҚишлоқ қурилиш банкТуронбанк ҳамда Алоқабанклар МИР карталарини эмиссия қилади.

Ҳозирга қадар Туркия, Қозоғистон, Арманистон ва Вьетнамнинг бир қатор банклари АҚШ ва Буюк Британиянинг иккиламчи санкцияларига тушиш хавфи ортидан Россиянинг МИР карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди.

Инфратузилмаси МИР карталари билан ишлаш имконини берувчи хорижий давлатлардан Қирғизистон ҳам ушбу карталарга хизмат кўрсатиш давом эттирилаётганини маълум қилган. Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги билан суҳбатлашган Қирғизистон банклар иттифоқи ва бир қатор тижорат банклари, хусусан Айил банк, Осиё банки, Дос-Кредобанк, Оптима банклар ҳозирча МИР карталарига чеклов киритилмаганини билдирган.


Теглар:
×