Фото: "Дарё"
Агробанкнинг "Дарё" нашри ва сайт журналисти Отабек Қўлдошевни нохолисликда айблаб, судга берганлик ҳолати томонларнинг ўзаро келишуви билан якун топган. Бу ҳақда суд жараёнида иштирок этган "Дарё" мухбири хабар берди.
Аввалроқ Агробанк "Дарё" сайти журналисти Отабек Қўлдошев муаллифлигидаги "Қашқадарёлик тадбиркор банклардан ярим миллиарддан ортиқ маблағини ололмагач, аҳолига тарқатилган чорва молларини тортиб олмоқда" сарлавҳали мақолага эътироз билдириб, "мақола банкнинг ишчанлик фаолиятига путур етказди, молия бозоридаги ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига олиб келганлиги" учун журналист ва таҳририятни судга берганди.
Мазкур жараёнга муносабат билдирган нашр банк масъулларига мақолада айнан банкнинг ишчанлик фаолиятига путур етказган, молия бозоридаги ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига олиб келган қисмини кўрсатишни, шундан сўнг мазкур мақолага раддия берилишини билдирганди.
Хабар берилишича, "Агробанк" АТБ даъво аризасига кўра 2022 йилнинг 30 август куни соат 10:30 да Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида бошланган суд 2022 йилнинг 16 сентябрь куни яна Агробанк таклиф қилган келишув битими билан якунига етган.
Келишув битимига кўра, сайт "Агробанк" АТБ билан боғлиқ мақолаларни эълон қилишдан аввал банк масъуллари фикрини ўрганиш, уларни айблаётган томоннинг важлари қай даражада ҳақли эканини билиш мақсадида журналистик сўров юбориш мажбуриятини, банк масъуллари эса "Дарё" сўровига тезкор равишда жавоб бериш мажбуриятини олган.
Тасодифий хабарлар
Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида жами 4,6 млрд сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланди
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2013 йилдан бери илк марта камайди
Россия Марказий банки асосий ставкани 8,5 фоиздан 12 фоизга кўтарди