Кузатишларимизга кўра шу нарсага амин бўлдикки, ижтимоий тармоқ фаоллари ва айрим оммавий ахборот воситалари томонидан бирор шахс (ёки шахсларга) боғлиқ воқеа-ҳодисаларни ёритишда, агар ушбу шахс (ёки шахслар)нинг иш жойи банк бўлса, гарчи воқелик уларнинг иш жойи билан боғлиқ бўлмаса-да, уларнинг ҳатти-ҳаракатларини ёритишда банкнинг номига урғу бериш авж олмоқда.
Масалан, охирги ҳафтанинг ўзида ижтимоий тармоқларда тарқалган "Пулни пул чақиради деб "А" банк ходими фуқаронинг пулини ўмариб кетди" ёки масалан ""Б" банк бошлиғи кўчада кредитни тўламагани учун фуқарони урди" каби воқеалар тафсилотлари шулар жумласидандир. Аслини олганда, ушбу воқеъликларда банк ходимлари ўз хизмат вазифаларига бевосита алоқадор бўлмаган ҳолда қонун ёки қоидабузарлик қилган бўлсалар ҳам, бу ерда банкнинг номини бўрттириб айтиш, айниқса, воқеа қаҳрамонининг банкда ишлашига урғу бериш, банкнинг обрўсига ва имижига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, кўп такрорлайдиганимиз — мижозларнинг банкка бўлган шундоғам расво ишончи ва муносабатини баттар ёмонлаштиради.
Эсингизда бўлса яқинда операцион рисклар ва унинг натижасида юзага келадиган репутацион рисклар ҳақида ёзгандим. Яна такрорлаб айтамиз — банклар ҳам ўз репутациялари учун максимал даражада курашишлари, айниқса оммавий хабарлар ва постларнинг контекстида банк обрўсига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган ибораларни ҳамда уларнинг оқибатларини тўғри баҳолаб, тегишли қонуний чораларни кўриб боришлари керак бўлади.
Бошқача қилиб айтганда, ҳозирги замонда "сўз эркинлиги" эгидаси остида исталган нарсани "хайп" қилиб ёзаверадиган ва оммага тарқатадиганларга бу ишларнинг ҳам айрим ҳуқуқий оқибатлари борлигини тушунтириш керак.
И.Туропов
Тасодифий хабарлар
Бухородаги банкоматларда ёнғин чиқди
Mastercard Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очмоқда
2023 йил ипотека кредитлари учун 1 трлн. сўм субсидия йўналтирилади