Фото: Олий мажлис Сенати
Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати маълум қилган.
Мажлисда қайд этилишича, охирги пайтларда электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари кўп содир этилмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жами 1 812 та жиноят иши қўзғатилган.
Бугунги кунда ушбу ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг фирибгарлик, ўғрилик деб номаланган 168, 169-моддалари билан таснифланмоқда. Бироқ айни пайтда ушбу моддаларда белгиланган жазо айбдорларнинг чин дилдан пушаймон бўлиб, бу йўлдан қайтиши, аҳлоқан тузалиш йўлига кириши учун етарли эмаслиги, содда қилиб айтсак жазо енгиллик қилаётгани маълум бўлмоқда.
Шу боисдан ушбу Қонун билан бундай турдаги жиноятлар учун жазо оғирлаштирилмоқда. Яъни эндиликда ахборот тизимларига ноқонуний кириб ва улардан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима тўланади (ҳозир бу миқдор БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача).
Шунингдек, амалдаги нормага кўра ушбу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланмоқда.
Хабар берилишча, Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Тасодифий хабарлар
Хасан Рахматов "Пойтахт банк" АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди
Марказий банк бўш иш ўринларига махсус телеграм бот орқали ишга қабул қилмоқда
Ўзбекистон банклари 2022 йилда қарийб 10 трлн. сўм соф фойда олди