Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, Ёзёвон (Фарғона вилояти) ва Қоракўл (Бухоро вилояти) туманларида умумий қиймати 257,5 млн. сўм бўлган кредит маблағлари талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган.
Департаментнинг Ёзёвон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Q.S.” МЧЖ раҳбари А.Х. ҳудудий тижорат банки филиали масъуллари билан ўзаро тил бириктириб, 55 нафар фуқарога 10 сотихдан ер майдони ажратиб, уларнинг номларига экин уруғи сотиб олиш учун 165 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни МЧЖга ўтказиш орқали талон-торож қилганлиги аниқланган.
Шу каби, Қоракўл туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган И.О. фуқаро Б.нинг имзосини сохталаштириб, унинг номидан тижорат банки филиалидан 92,5 млн. сўм кредит ажратилишига эришиб, ушбу кредит маблағи эвазига таъминотчи корхона томонидан берилган майда шохли молларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Европа Марказий банки асосий фоиз ставкасини рекорд даражада оширди
Асакабанкка бошқарув раиси тайинланди
2021 йилда 9,8 трлн. сўмлик ипотека кредитлари ажратилган