Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўз вақтида қонуний чоралар кўрилмоқда.
Департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ҳудудий тижорат банки филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “P.A.” МЧЖ раҳбари Л.Н. ва фуқаро Д.М. паррандачиликни ривожлантириш учун ажратилган 1,5 млрд сўм кредит эвазига харид қилинган паррандаларни ва омухта ем маҳсулотларини нақд пулга сотиб юбориб, кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби, Булоқбоши туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро А.О. ўзининг ва яқин қариндошларининг номига ташкил этилган МЧЖларга ҳужжатларни сохталаштириш орқали шлакоблок ишлаб чиқариш ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш дастгоҳларини сотиб олиш учун 1,4 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Поп туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, Наманган туманида жойлашган “И.Я.” МЧЖ раҳбари У.Х., МЧЖ норасмий раҳбари А.Х. ҳамда “Е.” МЧЖ таъсисчиси А.Д.лар олдиндан ўзаро тил бириктириб, иссиқхона ташкил этиш мақсадида қурилиш материаллари сотиб олиш учун ажратилган кредит ҳужжатларни қалбакилаштириб, 1 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган.
Худди шундай, Термиз туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “T.A.” МЧЖ раҳбари Н.Б. корхонага “Каттақум” маҳалласида жойлашган ер майдонида узумчилик боғини ташкил этиш учун ажратилган 300 млн сўм имтиёзли кредит учун гаровга қўйилган мулкларни бошқа шахсларга сотиб юбориб, кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда Тадбиркорлар мактаби очилди
Иссиқкўлдаги учта пансионат Ўзбекистон банкларига берилди
Марказий банк эски намунадаги банкноталар қачон муомаладан чиқарилишини маълум қилди