Муаммоли кредитлари мавжуд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари банк хулосаси олинганда тугатилиши мумкин. Бу ҳақда 4 август куни қабул қилинган \"Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида\" ги ПҚ-346 сонли президент қарорида айтилган.
\r\n\r\n\r\n\r\nҚарорда маълум қилинишича, қисқа муддат ичида бошқарувчи ташкилотларнинг кредит қарздорлиги 2 бараварга қисқарган. Шу билан бирга, республикада фаолият олиб бораётган 772 та уй-жой мулкдорлари ширкатларининг 311 тасида (жами ширкатларнинг 40 фоизида) муаммоли кредитор қарздорлиги мавжуд. Натижада 2500 дан зиёд кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолига тегишли хизматлар кўрсатилмай ёки сифатсиз кўрсатиб келинмоқда.
\r\n\r\nПрезидент қарорида республикадаги муаммоли банк кредитлари мавжуд барча уй-жой мулкдорлари ширкатлари тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банкларининг хулосаси олинган тақдирда тугатилиши мумкинлиги кўрсатилган.
\r\n\r\n22 февраль куни тугатилаётган ширкатларнинг муаммоли кредитлари 3 йил муддатга музлатилиши тўғрисида хабар берган эдик. Ўша куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тақдим қилинган маълумотда ширкатларга 1,3 трлн. сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, улардан 450 млрд. сўми (жами ажратилган кредитнинг 35 фоизи) муаммога айлангани маълум бўлган эди.
\r\n\r\nТугатилаётган ширкатларнинг музлатиладиган банк мажбуриятлари ким томонидан қопланиши маълум қилинмаган.
\r\n\r\nҲозирда тугатилаётган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўрнига бошқарув компаниялари ташкил этилмоқда. Амалиётда бошқарув компаниялари учун банклар томонидан 6 ой имтиёзли давр билан йиллик 21-23 фоизлик кредитлар тақдим қилинмоқда. Ушбу кредитларнинг 4-5% и Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қоплаб берилиши инобатга олинса, бошқарув компаниялари учун кредитлар йиллик 16,5-18 фоиз устамага айланмоқда. Ўтган давр мобайнида бошқарув компаниялари учун ажратилган кредитлар миқдори, кредитлар қолдиғи ҳамда уларнинг қанчаси муаммоли кредитга айлангани тўғрисида маълумот очиқланмаган.
\r\n\r\n\r\n