20 июль куни "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ томонидан Тошкент вилоятига пресс-тур ташкиллаштирилди. Унда иштирок этган ОАВ ходимлари банкнинг Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офиси (БХО)да амалга оширилаётган трансформация жараёнлари ҳамда вилоятда банк молиявий кўмагида ишга туширилган корхоналар фаолияти билан танишди.
Пресс-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили Қибрай туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган "Yustex" МЧЖ бўлди. Корхона тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, фаолияти тўлалигича экспортга йўналтирилган.
"Yustex" корхонасида 300 иш ўрни яратилган, йилига 6 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан 7 млрд. сўми Ўзсаноатқурилишбанк кредити ҳисобидан молиялаштирилган. Банк кредити ҳисобидан Хитой ва Италия давлатларидан тўқимачилик ускуналари харид қилинган.
Навбатдаги манзил "Trans Servis Invest" корхонаси бўлди. Уч йилдан буён маҳаллий ва хорижий бозорга аёллар ва эркаклар ҳамда болалар трикотаж маҳсулотларини етказиб берётган ушбу корхона томонидан банк билан навбатдаги янги лойиҳа устида иш олиб борилаётгани маълум қилинди.
– Тадбиркорлик кишидан катта журъат талаб қилади, – дейди корхона савдо ва маркетинг бўлими бошлиғи Тоҳир Омонов. – Албатта, ҳисоб-китобингиз, харажатингизга мос молиявий ресурсингиз бўлиши ҳам шарт. Бу борада юртимизда жуда кўп имкониятлар берилмоқда. Масалан, банк кредитлари билан биз каби бизнес вакилларининг туғилган режалари қоғозга тушар-тушмас, ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Айни пайтда Ўзсаноатқурилишбанк билан ҳамкорликда “Трикотаж маҳсулотларига ранг ва безак бериш” мазмунидаги янги лойиҳа устида иш олиб бораяпмиз. У тўлиқ ишга туширилганда корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2200 тоннага етади, экспорт ҳажми 600 минг долларга ортади.
Кейинги манзил Қибрай туманидаги “ARENA RENT” МЧЖ бўлди. Корхона озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори воситаларини сақлаш учун пластмасса идишлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонанинг лойиҳа менежери Икромбой Жумановнинг сўзларига кўра, банк томонидан ажратилган хорижий кредит линия ҳисобига Хитойдан йирик технологик мажмуа харид қилиниб, йилига 2 млн. долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
Лойиҳа қиймати 3,5 млн. доллар ҳажмида. Йилига 960 тонна ҳар хил турдаги пластмасса идишлар ишлаб чиқарилади. Ҳозирги кунда корхонада 30 дан ортиқ йигит-қиз иш билан таъминланган.
Куннинг иккинчи ярмида пресс-тур иштирокчилари учун Нурафшон шаҳридаги Ўзсаноатқурилишбанк Тошкент вилояти минтақавий БХОда матбуот анжумани ташкиллаштирилди. Анжуманда Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ботир Давиров 2022 йил биринчи ярмидаги якунларига бағишланган тақдимотни намойиш қилди.
Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офиси вилоятнинг Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ, Янгийўл шаҳарлари ҳамда Қибрай туманидаги БХОлар, Тошкент вилояти минтақавий БХО қошидаги амалиёт бошқармаси фаолиятини мувофиқлаштиради.
Тақдимотда кўрсатилишича, 2022 йилнинг I ярим йиллигида муассаса жами даромади белгиланган режага кўра 123 фоиз, аҳоли бўш пулларини омонатларга жалб қилиш 120 фоизга бажарилган. Соф фойдаси қарийб 45 млрд. сўмга етган.
Кредит қўйилмалари 1 801,6 млрд. сўмни ташкил этиб, бунда энг катта улуш саноат тармоғи (қарийб 60 фоиз)га тўғри келган.
Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 231,3 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, пировардида, 40га яқин лойиҳалар ишга туширилган, 375 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилган.
Аввалроқ, Ўзсаноатқурилишбанк филиаллараро операцияларни ягона МФОга ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Тасодифий хабарлар
Фарғона шаҳрида "Туронбанк-Интеллект" ўйинларининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди
Сентябрь ойида жисмоний шахслар учун сўмдаги кредитлар арзонлади
Туронбанк йил охирига қадар ўз процессинг марказини ишга туширади