2022 йил 13 июль куни "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ банкнинг овоз берувчи акцияларининг жами эллик фоизидан кўпроқ овозга эга бўлган акциядорлар умумий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтмаганлиги сабабли, умумий йиғилиш қайтадан ўтказилиши маълум қилинди.
Қайтадан йиғилиш ўтказиш санаси этиб 2022 йилнинг 29 июль куни кўрсатилган. Йиғилиш банкнинг Тошкент шаҳрида жойлашган бош офиси биносида бўлиб ўтади.
Банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартиби ўзгаришсиз қолдирилган:
- "Ўзмиллийбанк" АЖ нинг 2021 йил учун соф фойдасини тақсимлаш;
- "Ўзмиллийбанк" АЖ устав капиталини кўпайтириш;
- Қўшимча акциялар чиқариш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаш;
- "Ўзмиллийбанк" АЖ тафтиш комиссиясининг фаолиятини тугатиш.
Эслатиб ўтамиз, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонуннинг 68-моддасига мувофиқ, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтқазиш учун кворум бўлмаса, акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади. Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Аввалроқ Ўзмиллийбанк акциядорлари банкнинг 832,1 млрд. сўмлик соф фойдасини тақсимлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.
Тасодифий хабарлар
Туронбанк Иқтисодиёт университети билан меморандум имзолади
Микрокредитбанк матбуот анжумани ўтказди
КДБ Банк Ўзбекистон Бошқарув раиси тасдиқланди