Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг маълум қилишича, Хива шаҳри ва Пастдарғом туманида имтиёзли кредит маблағлари талон-торож қилинган.
Жумладан, Департаментнинг Хива шаҳар бўлими томонидан банк филиалининг мурожаатига асосан, текширув ўтказилган. Унда “X.S.” МЧЖ масъул шахслари замонавий иссиқхона қуриш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағи эвазига харид қилинган 159,6 минг АҚШ долларлик иссиқхона ускуналарини қонунга хилоф равишда тасарруф қилганликлари аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда, “N.” МЧЖ раҳбари М.М. МДФ эшикларини ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини харид қилиш учун ҳудуддаги тижорат банкдан ажратилган 837,2 млн сўмлик кредит маблағини талон-торож қилганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 233-моддаси (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ, Ҳисоб палатаси оилавий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида ажратилган кредитларнинг муаммоли қисми Наманганда 44% ни, Андижонда 26% ни ҳамда Сурхондарёда 20% ни ташкил этгани ҳақида маълумот берганди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин иқтисодчи Миркомил Холбоев ўзининг Telegram каналида имтиёзли кредитлар бериш амалиётини тўхтатиш кераклиги ҳақида ёзганди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон банклари 2022 йилда қарийб 10 трлн. сўм соф фойда олди
Марказий банк United Fintech тўлов тизими фаолиятини олти ойга чеклади
Асакабанк Тошкент шаҳридаги бир нечта хонадонларни аукцион орқали сотувга қўйди