Иқтисодчи Миркомил Холбоев ўзининг Telegram каналида имтиёзли кредитлар бериш амалиётини тўхтатиш кераклиги ҳақида ёзди. Унинг айтишича, бу каби кредитлар аҳолининг кам даромадли қисмини бойитмаяпти ва банк тизимини ҳам йилдан йилга ботқоққа ботирмоқда.
Фото: Миркомил Холбоев / Facebook
"Балки, имтиёзли дастурлар орқали кредитлар бериш амалиётини тўхтатиш ва қилинган хатони тан олиш вақти етгандир", — деб ёзмоқда иқтисодчи Миркомил Холбоев.
Унинг сўзларига кўра, янги даврда аҳолининг кам даромадли қисмини бойитиш ниқоби остида турли дастурлар доирасида кредитлар ажратиш амалиёти жуда ҳам авж олган. Аммо бу кредитлар камбағалларни бойроқ қилмагани етмагандек, банк тизимини ҳам йилдан йилга ботқоққа ботирмоқда. Хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида ажратилган кредитларнинг муаммоли қисми Наманганда 44% ни, Андижонда 26% ни ҳамда Сурхондарёда 20% ни ташкил этган.
"Имтиёзли дастур доирасида ажратилган кредитларнинг қарийб тенг ярми (Наманган) ёки бешдан бир қисми (Сурхондарё) муаммоли кредит бўлиб келаётган бўлса, қандай қилиб шу ёки шунга ўхшаш дастурларни яна давом эттириш мумкин, билмадим", — дея ўз фикрини ифодалаган.
Жумладан, иқтисодчи Миркомил Холбоев ўз блогида шундай ёзди: "Бундай имтиёзли дастурлар камбағалларни бойитмайди, балки янада чуқурроқ камбағаллик ботқоғига ташлайди. Масалан, имтиёзли дастур доирасида аҳолига берилаётган паррандаларнинг бозор нархидан қимматроқ эканлиги, бунинг устига паррандаларнинг ўлиб қолаётганлиги юқоридаги фикрни исботлаш учун етарли".
Унинг қайд этишича, имтиёзли дастурлар ўзининг асосий мақсадини бажаролмаслигидан ташқари, ўзи билан кўплаб муаммоларни ҳам етаклаб келади. Хусусан, бундай имтиёзли кредитларнинг кўпайиши ёки умуман мавжудлиги монетар сиёсатнинг барқарорлигига ва тижорат банкларининг фаолиятига салбий таъсир ўтказади, инфлацион босимни оширади, одатий кредитларнинг нархини оширади. Бундан ташқари, ажратилган кредитларнинг тўланмай қолган қисми яна солиқ тўловчиларнинг елкасига тушади.
"Бундай самарасиз ва зарарли дастурлар бизга керакми? Ахир аҳолининг камбағал қисми даромадларини ошириш учун бошқа ричаглардан фойдаланиш ҳам мумкин-ку. Масалан, савдони эркинлаштириш, шундай ричаглардан биттаси. Биз каби паст даромадли давлатлар савдога очилса, бу нисбатан даромади паст аҳоли қатламининг даромадларини оширади. Лекин ҳеч қиси йўқ, бизда доимгидек ишлайдиган инструментлар эмас, балки ишламайдиган ва самарасиз инструментлардан фойдаланиш қулайроқ (ва кимлар учундир имконият ҳам)", — деб ёзди у.
Эслатиб ўтамиз, Ҳисоб палатасининг навбатдаги ўрганишлари натижаларига кўра, республикада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги муаммоли кредитлар қолдиғи 1 май ҳолатига йил бошига нисбатан 8 фоизга камайган.
Тасодифий хабарлар
30 йиллик юбилей, ШҲТ Банклараро бирлашмаси раислиги, имзоланган қатор меморандумлар — Ўзмиллийбанкда 2021 йил якунлари
Март ойида олтин-валюта захирамиз яна камайди
Микрокредитбанк Dibank хизматини ишга туширди