Бухорода йўлтўсарлик қилган аёлларнинг 4 нафари маъмурий қамоқ билан жазоланиб, салкам 15 млн сўмдан жаримага тортилди

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида кредит ололмагани боис автомобиль йўлини тўсган аёлларнинг тўрт нафари маъмурий қамоқ жазосини олиб, салкам 15 миллион сўмдан жаримага тортилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

21-25

Таъкидланишича, кредит ололмагани сабаб автомобиль йўлини тўсган аёллар ишини 2021 йилнинг 16 июль куни Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди кўриб чиққан.

Қайд этилишича, ғиждувонлик «Маржона Ғунча» масъулияти чекланган жамияти раҳбари 43 ёшли М.И. 2021 йилнинг 15 июль куни бир нечта аёллар билан, тахминан, соат 18:30 да Ғиждувон туманидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-37 автомагистрал йўлига чиқиб, автомашиналар ҳаракатини тўсиб қўйган ва кўчада юриш ёки намойишлар уюштириш тартибини, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, майда безорилик содир қилган.

22-57

М.И. суд жараёнида бу ҳаракатини изоҳлаб, танишлари — Ф.П., Д.С., М.А., М.Қ., Д.Я. билан биргаликда йўлни тўсишга мажбур бўлганини билдирган. Шунингдек, 19 ёшли ўғли А.Ҳ.га ҳам олдиндан қўнғироқ қилиб, йўлни тўсишга чиқаётганини айтган.

Судда сўз олган тадбиркор аёлнинг ўғли шу куни, тахминан,  соат 16:00 да онаси унга қўнғироқ қилиб, кўчага чақирганини ва нотаниш блогерга интервью берганини, танишлари билан магистрал йўлни тўсмоқчи бўлишаётганини айтганини билдирди.

Айтилишича, онаси билан телефон орқали гаплашган ўғил автомашинасида воқеа жойига етиб борган. Ва у ерда онаси ва қўшнилари йўлни тўсиб олганини, нотаниш блогер ҳодисани тасвирга тушираётганини кўриб, фуқаро Қ.К.нинг қўлидан ушлаганини, шу пайтда блогернинг қўл телефони синганини баён қилди.

Ҳуқуқбузарлар судда ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат қайтиб такрорланмаслигини баён қилган ва қонуний енгиллик сўраган.

Суд тадбиркор аёл М.И.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан айблаб, унга 11 сутка маъмурий қамоқ ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари, яъни 14 миллион 700 минг сўм жарима тайинлаган.

Шунингдек, Ф.П., Д.Я. ва М.Қ. ҳам шу моддалар билан айбланиб, Ф.Д. ва Д.Я. 10 сутка, М.Қ. эса 8 сутка маъмурий қамоқ ҳамда 14 миллион 700 минг сўм жаримага тортилган.

Д.С. эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир нечта ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган ва ундан қамоқда бўлган вақти учун 294 минг сўм харажатлар ундирилиши белгиланган.

75 ёшли М.А.га нисбатан ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида, яъни 735 минг сўм жарима ҳамда 201-модданинг 1-қисми (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан мазкур кодекснинг 33-моддаси (енгилроқ жазо чорасининг қўлланилиши) асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 4 миллион 900 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Қўшимча қилинишича, телефони синган блогер фойдасига тадбиркорнинг ўғлидан 300 минг сўм зарар ундирилиши ҳам белгиланган. Ва ўғилга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, қамоқда бўлган вақти учун 551 минг 250 сўм харажатлар ундирилиши қайд этилган.

Теглар:
×