Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда 2021-2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш Миллий стратегияси тасдиқланди.
Миллий стратегияга кўра, 2021 йил ноябрь ойигача Ўзбекистонда ипотека қимматли қоғозлари эмиссия қилиш имкониятини берувчи қонун лойиҳаси тайёрланади.
Марказий банк, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда ипотека қимматли қоғозларини эмиссия қилиш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласида юзага келувчи муносабатларини, шунингдек, ипотека қимматли қоғозлари бўйича мажбуриятларини бажариш қоидаларини тартибга солувчи "Ипотека қимматли қоғозлари тўғрисда"ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Бу орқали ипотека кредити бозори ривожлантирилади, Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти фаолиятини кенгайтириш орқали банкларда узоқ муддатли ресурслар базаси кенгайтирилади.
Ипотека қимматли қоғозлари ўзи нима
Ипотека қимматли қоғозлари (Mortgage-backed securities - MBS) уй ёки бошқа кўчмас мулк учун берилган кредит билан таъминланган облигациялар. Бундай турдаги қимматли қоғозлар, одатда, ўхшаш шартлар ва хусусиятларга эга бўлган ипотека кредитларнинг бир нечтасини бирлаштирганда яратилади. Масалан, А тижорат банки умумий қиймати 1 млрд. сўм бўлган жами 10 та ипотека кредити ҳужжатини тайёрлади (яъни бу уйлар ипотека кредитга берилган, уларнинг эгалари А банкка ҳар ой кредит тўловини амалга оширади). Бу тўплам банк томонидан ҳукумат ташкилотларига, ҳукумат эгалик қиладиган тадбиркорлик субъектларига ёки қимматли қоғозлар билан муомала қиладиган фирмаларга (масалан бошқа банкларга) янги Ипотека қимматли қоғозлари тайёрлаш учун сотилади. Яъни банк ипотека кредити учун оладиган фойдасининг бир қисмидан кечган ҳолда, берган кредитини шартли 10 йил (ёки 20 йил) муддатда эмас, бирданига олади.
АҚШда ипотека қимматли қоғозларининг аксарияти Жинни Мэ (Ginnie Mae) сингари федерал ҳукумат агентлиги ёки ҳукумат ҳомийлик қиладиган тадбиркорлик субъектлари томонидан эмиссия қилинади ёки кафолатланади. Жинни Мэ агентлигининг кафолати тўлалигича АҚШ ҳукуматининг "кредит рейтинги" билан таъминланади. Ҳукумат ҳомийлик қиладиган тадбиркорлик субъектларининг ипотека қимматли қоғозлари эса бундай кафолатга эга бўлмайди.
Учинчи турдаги ипотека қимматли қоғозлари хусусий сектор - инвестиция банклар, молиявий институтлар ва қурилиш ташкилотлари томонидан чиқарилади. Ҳукумат агентлиги чиқарадиган қимматли қоғозга нисбатан буларнинг риски юқорироқ бўлади ва шунга яраша бундай облигация учун кўпроқ фоиз тўланади.
Bankers.uz Миллий стратегияда кўзда тутилган бошқа ўзгаришлар билан ҳам таништириб боришда давом этади.
Тасодифий хабарлар
“Туркистон банк”да OSON фойдаланувчиларининг 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари музлатиб қўйилди” – Фарҳод Маҳмудов
Ўзмиллийбанк Бошқарув раисига россиялик мутахассис маслаҳатчи этиб тайинланди
"XALQ 25 QUIZ" интеллектуал ўйинларининг Андижон ва Фарғона ҳудудий босқичлари ўтказилди