Ўзмиллийбанк Бошқарув раисига россиялик мутахассис маслаҳатчи этиб тайинланди

2022 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ Бошқаруви қарори билан Камалов Александр Илясович “Ўзмиллийбанк” АЖ Бошқаруви раисининг маслаҳатчиси этиб тайинланди.

1024px-kamalov_aleksandr_ilyasovich.jpgФото: Wikimedia Commons

Александр Камалов 1974 йилда Россия Федерациясининг Курган вилоятида туғилган. У қуйидаги олийгоҳларни тамомлаган:

  • 1997 йилда — Пермь давлат университети (менежмент);
  • 2009 йилда — Олий иқтисодиёт мактаби (HSE);
  • 2012 йилда — London business school Master of Business Administration (MBAFinance, General);
  • 2020 йилда — IMD Emba (MBA).

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Россия Сбербанкининг Ғарбий-Урал бўлимида (Пермь шаҳри) қимматли қоғозлар бўлими инспектори сифатида бошлаган. 2008 йилдан 2012 йилгача "Сбербанк" АЖ шўъба бўлимида Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, Директорлар Кенгаши раиси маслаҳатчиси, Россия Сбербанки Ғарбий-Урал банки Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

2012 йилнинг сентябрь ойидан 2020 йилнинг январь ойигача А.И. Камалов "Сбербанк" АЖнинг Қозоғистондаги шўъба бўлимида Бошқарув раиси лавозимини эгаллаб келган. 2020 йилдан бошлаб "Сбербанк" ОАЖда Бошқарув раиси биринчи ўринбосарининг маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзмиллийбанк бошқарув раисига иккита ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

×