Микрокредитбанк ХСРИКдан 50 млн. доллар ажратилиши бўйича келишувга эришди

2022 йилнинг 1-4 июнь кунлари Миср давлатининг Шарм эл-Шейх шаҳрида Ислом тараққиёт банки гуруҳининг 47-йиллик йиғилиши доирасида ўтказилган хусусий сектор форумида «Микрокредитбанк» АТБ ҳамда Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) ўртасида кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга 50 млн. доллар ажратиш бўйича меморандум имзоланди.

uchrashuv.png

Шунингдек, мазкур форум давомида ХСРИК томонидан банкда 2022-2023 йилларда “Исломий дарча”ни очиш йўналишида техник маслаҳат хизматлари, шунингдек, қайта тикланадиган "яшил" энергетика манбаларига боғлиқ йирик лойиҳаларни жорий этиш юзасидан ҳам келишувларга эришилди.

Маълумот тариқасида, Микрокредитбанк ва ХСРИК ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ҳозирга қадар 22 млн. АҚШ доллари ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар доирасида 33 та инвестицион лойиҳалар молиялаштирилиб, 1500 дан ортиқ ишчи ўрни ташкил этилган.

Хусусий сектор форуми доирасида International Turnkey Systems (ITS) компанияси билан музокаралар олиб борилди. ITS компанияси Қувайт давлатида жойлашган бўлиб, молиявий институтлар, ҳукумат ва хусусий сектор ташкилотлари учун муҳим бизнес функцияларини қўллаб-қувватлайдиган илғор технологик ечимларни тақдим этади. Музокаралар давомида банкда “Исломий дарча” очиш мақсадида IT соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

×