Сўм рамзини яратиш бўйича танлов ғолиби эълон қилинди

Марказий банк томонидан ўтказилган танлов якунларига кўра, Ўзбекистон миллий валютаси – “сўм”нинг ўзига хос тимсолини ёрқин ифода этган энг креатив лойиҳа сифатида Жумагалдиев Сарвар томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинди. 

photo_2022-06-03_15-37-17.jpgФото: Марказий банк

Миллий валюта рамзини ишлаб чиқиш бўйича танлов икки босқичда ўтказилди. Саралаш босқичи танлов ташкилий қўмитаси томонидан ўтказилди ва қуйидагиларни ўз ичига олди:

  • дастлабки саралаш – ҳар бир танлов лойиҳасини техник талабларга мувофиқлигини кўриб чиқиш (ишлаб чиқилган элементлар бўйича тўлиқ маълумотларни ва аҳамиятини акс эттирувчи концепция; имзоланган ариза; юборилган аризада барча ҳужжатларнинг илова қилинганлиги).

Натижада 508 та ижодий лойиҳа танлаб олинди ва уларнинг ҳар бирига махфийликни таъминлаш мақсадида индивидуал шифр рақамлари берилган. Техник экспертиза – шифрланган ижодий лойиҳалар танлов мезонларига мувофиқлиги бўйича текширилди. Натижада 54 та шифрланган ижодий лойиҳалар танлов ҳакамлар ҳайъатига кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Танловнинг якуний босқичида шифрланган лойиҳалар Марказий банк, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари томонидан баҳоланди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов ишларини қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳолади:

  • ўзига хослик (уникал) ва оригиналлик;
  • универсаллик;
  • осон таниб олиниши;
  • рамзий ва фарқли жиҳатлари;
  • сўм рамзининг турли форматларда график қўлланилишининг қулайлиги. 

Танлов натижаларига кўра, ҳайъат томонидан Ўзбекистон миллий валютаси – “сўм”нинг ўзига хос тимсолини ёрқин ифода этган энг креатив лойиҳа сифатида Жумагалдиев Сарвар томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинди.

Теглар:
×