Марказий банк қонунбузарлик ҳолатлари бўйича 22 та банкка мажбурий кўрсатмалар берди

Марказий банк жорий йилнинг март-апрель ойларида барча вилоятларда 24 та тижорат банкининг 196 та муассасасида банк хизматлари қонунчиликка мувофиқ кўрсатилишига доир назорат тадбирлари ўтказди. Бу ҳақда регулятор ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилди.

tijorat_banki.jpg
 
Фото: Қувонч Ғайратов / Bankers.uz

Назорат тадбирларида тижорат банклари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларда 500 дан ортиқ қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Қоидабузарлик ҳолатларига асосан,

  • кредит ва омонат турлари тўлиқ ошкор қилинмаган ва уларнинг шартлари юзасидан батафсил ахборотлар, шунингдек, кредит ва муддатли омонатларнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақалари тақдим этилмаганлиги;
  • банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш ва банк карталаридаги маблағларни нақдлаштириб бериш рад этилганлиги ҳамда ушбу хизматларни кўрсатишда банк картасини тақдим этувчига картанинг “PIN-код”ини мустақил теришга имкон яратиб берилмаганлиги ҳолатларини ташкил этади.

Назорат тадбирларида аниқланган қоидабузарликларга йўл қўйган 22 та банкка (Халқ банки, Агробанк, Микрокредитбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Туронбанк, Ипотека-банк, Савдогарбанк, Трастбанк, Капиталбанк, Ўзмиллийбанк, Алоқабанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Ориент Финанс банк, Ҳамкорбанк, Асака банк, Универсалбанк, Инфинбанк, Тенге банк, Анорбанк, Даврбанк, Мадад Инвест банк ва Равнақ банк) банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги юзасидан чоралар кўрилиши тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилган.

Шунингдек, қоидабузарликлар йўл қўйилишига сабабчи бўлган 195 нафар банк ходимларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари кўрилиб, шундан 145 нафар банк ходимларига нисбатан хайфсан, 48 нафар ходимларига нисбатан ойлик иш ҳақидан жарима ва 2 нафар ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш чоралари қўлланилган.

Марказий банкнинг қайд этишича, мурожаатлар ўрганилганда, банклар ва истеъмолчилар ўртасида низолар келиб чиқишига кредитлар тўғрисидаги дастлабки ахборотларнинг ўз вақтида тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаслиги ҳам сабаб бўлаётганлигини кўрсатмоқда. Мисол учун,

  • кредит қарздорлиги белгиланган муддатларда тўланмаганда, муддати ўтган кредитга нисбатан юқори (оширилган) фоиз ставкада фоизлар ҳисобланиши кўзда тутилганлиги ва натижада қарз олувчининг қарз миқдори ошиб кетиши;

қарз олувчилар томонидан кредитлар ўз вақтида сўндирилмаганда, ушбу кредит бўйича тўловлар кафил бўлган шахсларнинг ҳисобварақларидан ечиб олинаётганлиги каби ҳолатлардир.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати истеъмолчилар банк хизматлари тўғрисидаги ахборотларни олишлари ва хизматдан фойдаланиш бўйича оқилона қарор қилишлари учун тижорат банкларини масъулиятли кредитлаш тамойилларига мувофиқ банк хизматларини тўлиқ ошкор қилишга ва уларнинг шартларини батафсил тушунтиришга чақиради!

Регулятор, шунингдек, истеъмолчилар тижорат банклари хизматларидан фойдаланганида қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки (71) 212-60-15, (71) 212-73-80, (71) 212-60-94 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.

×