18 май куни Миллий матбуот марказида Ўзсаноатқурилишбанк тизимида жорий йилнинг биринчи чорагида давлат дастурлари доирасида олиб борилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ОАВ ходимлари банк томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш йўлида бажарилган ишлар натижалари билан таништирилди.
Фото: Ўзсаноатқурилишбанк
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан давлат дастурларига доир устувор йўналишлар ижроси йўлида фаол ишлар олиб борилмоқда.
Президентнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига кўра эса, Қорақалпоғистондаги туманлар ҳокимлари ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштирувчи муассаса сифатида, қолаверса, жорий йилги давлат дастурида белгиланган вазифалар асосида алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Бу банк масъуллари бошчилигида ҳудудлардаги ҳар бир хонадон хатловдан ўтказилиб, “оғир” маҳаллалар ва эҳтиёжманд оилаларни манзилли ўрганишга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда аҳолининг ишсиз қатлами билан тизимли ишлашга замин яратди.
Натижада, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига биноан аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини ошириш бўйича қатор ижобий ўзгаришларга эришилди. Йигирма мингдан зиёд фуқаролар иш билан таъминланди, 1094 та юридик ва 1364 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳокимлар ёрдамчилари тавсияномалари асосида 4801 та лойиҳага имтиёзли кредитлар ажратилди.
Тадбиркорлик йўналишида 400га яқин кичик лойиҳалар ишга туширилиб, ҳар бир маҳаллаларда янги аёллар ва эркаклар сартарошлиги, тикувчилик, қандолатчилик ва савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида аҳоли хонадонларига 60 бош қорамол, 3528 бош қўй ва эчки, 80,6 минг бош парранда, шунингдек узум, олма, ўрик, гилос каби мевали дарахтлар кўчатлари етказиб берилди, 157 та хонадонда 4,3 гектар ихчам иссиқхона қурилди.
– Ижтимоий ҳимоялаш борасида энг муҳим иш – бу аҳоли бандлигини таъминлашдан иборатдир, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Ф.Абдураҳмонов. – Зеро, кишиларнинг муқим иш жойига эга бўлиши улар учун ойлик даромад манбаини кафолатлайди. Шу боис айни пайтдаги саъй-ҳаракатларимизда бандлик масалаларига устувор аҳамият берилмоқда. Жойларда ўқув марказлари ташкил қилиниб, ишсиз аҳоли мунтазам равишда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда, мутахассисликларидан келиб чиқиб “етакчи” тадбиркорларга бириктирилмоқда, корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 67,1 км. узунликдаги ички таъмирталаб йўлларга шағал ётқизилди, фойдаланишда яроқсиз ҳолга келган 24 дона трансформатор, 2 980 дона сим ёғоч ва 151 дона тунги чироқлар янгисига алмаштирилди.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича банкка бириктирилган 24 та туманнинг ҳар биридаги секторларда “Бошқарув офислари” ташкил этилди. Мингдан зиёд маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолининг яшаш тарзини яхшилаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилди.
Матбуот анжуманида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан жорий йилнинг I чорагида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Таъкидланишича, январь-март ойларида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан жами 5,1 трлн. сўмлик, шундан 215 млрд. сўмлик маҳсулотлар маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган. Жумладан, 2,6 млн. тонна цемент, 6,5 млн. кв. метр қурилиш ойнаси, 4,4 млн. кв. метр керамик плитка, 13 млн. кв. метр гипсокартон, 610 минг ўрам гулқоғоз каби маҳсулотлар ҳам маҳаллий, ҳам ташқи бозорга етказиб берилган.
Бунда экспорт географияси кенгайиб, маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия каби қўшни давлатлардан ташқари янги Нидерландия, Индонезия, Туркия, Сербия мамлакатларига ҳам чиқарилган.
Тармоқда 275 млн. долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, қиймати 35 млн. долларлик 77 та лойиҳа ишга туширилган.
– Бундан ташқари, 2021-2026 йилларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ҳам шакллантирилиб, уларнинг 698 тасини ишга тушириш учун 751,4 млн. доллар миқдорида кредит ажратилди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш департаменти директори Ш.Юсупов. – Шунингдек, жорий йилда 420 та инвестиция лойиҳани ишга туширган ҳолда, 15 мингдан зиёд янги иш ўрнини барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар уларнинг 166 таси ташаббускорлар, инвесторлар ҳамда банк кредити ҳисобига амалиётга татбиқ этилди.
Тадбирда ҳар бир ҳудудда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришдан бошлаб, тайёр кўп қаватли уй-жойлар қуришгача барча жараёнларни қамраб оладиган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда замонавий уй-жой қурилиш кластерлари ташкил этилгани, улар негизида ташкил этилган корхоналарга тижорат банклари билан биргаликда қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналарни лизинг (ёки кредит) асосида сотиб олиш учун 382 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилгани маълум қилинди.
Бугунги кунда ҳар икки турдаги кластерлар бўйича лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, айни пайтда қурилиш ишлари бошланган Сариосиё туманидаги кичик саноат зонасини ташкил этиш ишлари йил якунига қадар Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Оҳангарон, Ўзбекистон ва Булоқбоши туманларида фаол давом эттирилади.
Матбуот анжуманида Банк масъуллари журналистларни қизиқтирган бошқа саволларга ҳам батафсил жавоб берди.
Ҳамкорлик асосида
Тасодифий хабарлар
Ипотека банкнинг OTP-Bank'га сотилиши унинг халқаро рейтингига таъсир кўрсатмайди — Fitch Ratings
Евроиттифоқ Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди: айрим банклар SWIFT тизимидан узилади
ANORBANK бир нечта банк офисларига ходимларни ишга таклиф қилмоқда