Апрель ойида Ўзбекистонга рекорд даражада халқаро пул ўтказмалари келиб тушди

Марказий банк томонидан тақдим этилган инфографикага кўра, январь-апрель ойларида Ўзбекистонда 2,54 млрд. доллар халқаро трансчегаравий ўтказмалари келиб тушди. Аввалроқ, 2022 йилнинг январь-март ойларида мамлакатга жами 1,5 млрд. долларлик трансчегаравий пул ўтказмалари кириб келгани айтилганди. Бундан келиб чиқадики, апрель ойида Ўзбекистонга жами 1,07 млрд. доллар ҳажмида пул ўтказмаси келиб тушган. Бу Ўзбекистонга бир ойда келиб тушган пул ўтказмалари миқдори бўйича рекорд ҳисобланади.

photo_2022-05-13_17-10-35

Манба: Марказий банк

Трансчегаравий ўтказмалар

Январь-апрель ойларида Ўзбекистонга 2,54 млрд. доллар халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари келиб тушди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврига (1,99 млрд доллар) нисбатан 548 млн. долларга ёки 27 фоизга ўсди.

"Пул ўтказмаларининг кескин ошиши Россия ва Қозоғистонда ишлаётган қирғизистонлик ва тожикистонлик мухожирлар ҳам Ўзбекистонга пул ўтказаётгани туфайли юз бераётган бўлиши эҳтимоли юқори (қўшниларда пул ўтказмаларини долларда бериш бўйича тақиқ ва чекловлар, шунингдек рубль курсларида нисбий афзаллик мавжуд). Регулятор келиб тушган пул ўтказмаларининг валюта таркибини келтирмаган, унда, бизнингча, рублдаги  ўтказмалар миқдори кескин ошган бўлиши мумкин", - деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида.

Аввалроқ, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонга кириб келган пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилнинг мос ойига нисбатан 21,1 фоизга ўсгани, март ойида эса 26,6 фоизга пасайгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, 2022 йилнинг I чорагида мамлакатга жами 1,5 млрд. долларлик трансчегаравий пул ўтказмалари кириб келган. 

Бундан келиб чиқадики, апрель ойида Ўзбекистонга жами 1,07 млрд. доллар ҳажмида пул ўтказмаси келиб тушган. Бу Ўзбекистонга бир ойда келиб тушган ўтказмалар бўйича рекорд ҳисобланади.

Валюта олди-сотдиси ҳажми

2022 йилнинг январь-апрель ойларида тижорат банклари жисмоний шахслардан 3,27 млрд. доллар ҳажмида хорижий валюта сотиб олди. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 53 фоизга кўпроқни ташкил этди. Ушбу даврда аҳолининг банклардан хорижий валюта хариди сезиларли даражада ошди. Жумладан, ушбу даврда жисмоний шахслар томонидан 2,23 млрд. доллар миқдорида хорижий валюта харид қилинди. Бу ўтган йилнинг январь ойига нисбатан 872 млн. долларга ёки 64 фоизга кўп ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил мобайнида жисмоний шахслар томонидан тижорат банкларига сотилган чет эл валютаси миқдори 7,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 1,5 баробарга ошганди. Шу билан бирга, жисмоний шахсларга 4,6 млрд. АҚШ доллари сотилганди ҳамда ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 12 фоизга ўсган эди (2020 йилда - 4,1 млрд. АҚШ долл.).

Теглар:
×