Марказий банк ижтимоий тармоқларда банкоматлардаги нақд пул етишмаётгани билан боғлиқ тарқалган хабарлар юзасидан тушунтириш берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг март ойи иккинчи ярмидан бошланган миллий валюта – “сўм”да нақд пулга бўлган талабнинг кескин ортиши натижасида регулятор томонидан муомалага март ойида 1 трлн. 119 млрд. сўм, апрель ойида – 6 трлн. 343 млрд. сўм, май ойининг ўтган 11 кунида 1 трлн. 100 млрд. сўм қўшимча нақд пуллар чиқарилган.
Жумладан, март-апрель ойларида қўшимча чиқарилган нақд пулларнинг 8 трлн. сўми аҳолининг нақд чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган кескин ошган талабини (ушбу 2 ойлик талаб одатдаги 11,1 трлн. сўмдан 19,3 трлн. сўмга етган), 4-4,5 трлн. сўми банк карталаридаги маблағларни нақдлаштиришга бўлган қўшимча талабни (17 трлн. сўмдан 22 трлн. сўмга етган) қондиришга йўналтирилган.
Мавсумий иқтисодий фаолликнинг ортиши сабабли
2021 йилнинг март-май ойларида Марказий банк томонидан муомалага қўшимча равишда 2,5 трлн. сўм нақд пул чиқарилган бўлса, жорий йилнинг март-апрель ойларининг ўзида (май ойини ҳисобга олмаганда) бу кўрсаткич 3 баробарга ошган.
Марказий банк аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш учун барча имконият ва заҳиралар мавжудлиги таъкидлаб, жойлардаги банклар филиаллари ва банкоматларни нақд пул билан таъминлаш борасида тегишли ишлар амалга оширилаётганини қўшимча қилди.
Юзага келаётган қисқа муддатли узилишлар нақд пулларни жойларга етказиб бериш, яъни логистикаси ва банкоматларга жойлаштириш билан боғлиқ эканлигини ҳамда мазкур масала Марказий банк томонидан назоратга олинганлигини маълум қилди.
"Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолининг товарларни харид қилишларида ва хизмат кўрсатишда банк карталари орқали ҳисоб-китобларда тўлов терминалларидан тўлақонли ва узлуксиз фойдаланишлари ушбу муаммоларга барҳам берилишига кўмак беради", - дейилади хабарда.
Нақд пул олиш бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар
Бир неча кундан бери бир қатор интернет нашрлар, хусусан Bankers.uz ҳам жойларда нақд билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани тўғрисида хабар қилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров банкоматлардаги нақдлик етишмоқчилигини "мавсумий иқтисодий фаоликнинг ортиб бориши, пул ўтказмалари миқдорининг кескин ошаётгани, банкларда нақд чиқимлар ортаётганига қарамай нақд пул киримида ўсиш кузатилмаётгани, банкоматларни нақдлик билан тўлдиришда банкларнинг бир қатор жиҳатлар бўйича ортда қолаётгани" билан изоҳлади.
Rost24.uz нашри ўзининг Телеграм канали орқали канал муштарийларига нақд пул олишда муаммога дуч келгани ёки келмагани борасида сўровнома ўтказди. Сўровномада иштирок этган 1909 нафар респондентларнинг 35 фоизи банкоматдан пул ололмаганини билдирган.
Тасодифий хабарлар
Туронбанк корпоратив веб-сайтининг янгиланган шакли ишга туширилди
Самарқандда 8 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз кредит расмийлаштирган банк ходими аниқланди
Агробанк Қамашидаги ҳолат юзасидан муносабат билдирди