Апрель ойида сўмнинг реал алмашув курси 1,4 фоизга қадрсизланди

Апрель ойида миллий валютанинг реал самарали алмашув курси 1,4 фоизга қадрсизланди. Бунга савдо-ҳамкор давлатлардаги юқори инфляция даражаси ҳамда валюта курсларидаги турли йўналишдаги ўзгаришлар сабаб бўлган айтилди.

Пул ва калькулятор

Ўзбекистон милий валютасининг реал самарали алмашув курси апрель ойида ҳам пасаювчи тендеция қайд этиб, март ойига нисбатан қарийб 1,4 фоизга, 2021 йил мос даврига нисбатан эса 1,7 фоизга қадрсизланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг "Реал самарали алмашув курси шарҳи"да маълум қилинди.

Унга кўра, апрель ойида реал самарали алмашув курсининг қадрсизланишига асосан савдо-ҳамкор давлатлардаги юқори инфляция даражаси ҳамда валюта курсларидаги турли йўналишдаги ўзгаришлар билан изоҳланади.

Апрель ойидаги реал самарали алмашув курси индекси динамикасида:

  • оширувчи омиллар: ички инфляция – 1,5 фоиз бандни;
  • пасайтирувчи омил: савдо-ҳамкор давлатлар инфляцияси – 1,7 фоиз бандни, савдо-ҳамкор давлатлар валюта курслари ўзгариши – 0,2 фоиз ҳамда сўм алмашув курси – 0,9 фоиз бандни ташкил этди.

Асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг валюталари курси апрель ойи давомида АҚШ долларига нисбатан турлича динамикани намоён этди:

  • Россия рубли апрель ойида 1,3 фоизга мустаҳкамланди. Россия Марказий банки томонидан киритилган турли чекловлар юмшатилганлиги ҳамда фоиз ставкасини бироз пасайтирилишига қарамасдан савдо баланси профицит билан ижро этилиши рубл мустаҳкамланишига сабаб бўлди. 2022 йил биринчи чорагида Россия савдо баланси 66,3 млрд. доллар профицит билан ижро этилди. Шунингдек, 29 апрель куни Россия Марказий банки асосий фоиз ставкасини 17 фоиздан 14 фоизгача пасайтирди.
  • Қозоғистон тенгеси ҳам апрель ойида 3,8 фоизга мустаҳкамланди. Қозоғистон Марказий банки 25 апрелда асосий фоиз ставкасини 13,5 фоиздан 14 фоизгача оширди.
  • Турк лираси эса мазкур ой давомида атиги 0,2 фоизга қадрсизланди.
  • Апрель ойида Хитойда кузатилган пандемиянинг янги тўлқини фонида юан 1,2 фоизга қадрсизланди.

2022 йил апрель ойида асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг деярли барчасида инфляция кўрсаткичи ўсишда давом этди.

Жумладан, Россияда ойлик инфляция март ойига нисбатан бироз секинлашиб, 1,6 фоизни (йиллик ҳисобда 18 фоизни) ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, импорт қилинадиган автомобиллар, маиший кимё воситалари ҳамда дори-дармонлар нархи ўсиши секинлашган.

Қозоғистонда ойлик инфляция 2 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 13,2 фоизга етди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари ойлик 3,1 фоизга (йиллик 17,9 фоизга) ўсди.

Туркияда ойлик инфляция 7,3 фоизга юқорилаб, йиллик ҳисобда 70 фоизгача ўсди. Нархлар ўсишига асосан озиқ-овқат ҳамда ёқилғи маҳсулотлари катта ҳисса қўшган. Шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси ойлик ҳисобда 7,7 фоизга ўсиб, йиллик 121,8 фоизга етди.

×