Алоқабанк Кузатув кенгаши таркиби янгиланди

27 апрель куни АТ "Алоқабанк" акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш evote.uz электрон овоз бериш хизматидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб ўтказилди.

aloqa_bank.jpg

Йиғилиш кун тартибига бир қатор масалалар қўйилган:

  1. АТ "Алоқабанк" нинг Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасида шакллантирилган маблағларини тақсимлаш;
  2. “Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) ни қўллаш тартиби”ни тасдиқлаш;
  3. АТ "Алоқабанк" нинг янги ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;
  4. “Ягона умумреспублика процессинг маркази” масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги банкнинг улушини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш;
  5. АТ "Алоқабанк" Уставига ўзгартиришлар киритиш;
  6. АТ "Алоқабанк" нинг илгари рўйхатдан ўтказилган Акциялар қўшимча чиқарилиши тўғрисидаги қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва илгари рўйхатдан ўтказилган Акциялар қўшимча чиқарилиши тўғрисидаги қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар матнини тасдиқлаш.

Алоқабанк Акциядорлари умумий йиғилиши томонидан банкнинг Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасида шакллантирилган 11,79 млрд. сўм миқдоридаги маблағнинг 10,0 фоизи миқдорида, яъни 1,18 млрд. сўм маблағни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар Миллий офиси ҳисобварағига ўтказилиш бўйича қарор қилинди.

Шунингдек, ушбу йиғилишда банкнинг янги таркибдаги Кузатув кенгаши сайланди:

  • Шерматов Шерзод Хотамович – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири;
  • Ишанходжаев Асрор Асланович – Алоқа ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси республика кенгаши раиси;
  • Мансуров Рустам Пулатович – “Электромагнит мослашув маркази” ДУК бошлиғи;
  • Хасанов Назиржон Набижанович – "Ўзбектелеком" АК Бош директори;
  • Юлдашев Фахриддин Туракулович – “Nano lizing kompaniyasi” МЧЖ директори;
  • Умаров Олимжон Мухамаджанович – жисмоний шахс;
  • Шагазатов Мохир Фархатович – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи;
  • Нуритдинова Наима Низомиддин қизи – Молия вазирлиги Далат банкларини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари;
  • Хайтметов Рустам Махкамджанович – Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бош бухгалтери.

aloqabank_kuzatuv_kengashi_27042022.jpg

Янгиланган Кузатув кенгашида икки нафар аъзо алмашган. Эски Кузатув кенгаши аъзоларидан Молия вазирлигидан Аббос Джурабаев ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигидан Юнусбек Джуманазаровлар бу гал сайланмаган. Уларнинг ўрнига юқорида тилга олинган вазирликларнинг бошқа масъул ходимлари — Наима Нуритдинова (Молия вазирлиги), Мохир Шагазатов (ИТКҚ вазирлиги) Алоқабанк Кузатув кенгаши аъзоси этиб сайланган.

Алоқабанк Акциядорлари умумий йиғилиши Президент томонидан 18 мартда имзоланган ПҚ-168 сонли қарор ижроси юзасидан “Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ (UZCARD тўлов тизими) устав капиталидаги банкнинг 6,0 фоизлик улушини Давлат активларини бошқариш агентлигига топшириш бўйича қарор қабул қилган. Ушбу қарор билан Алоқабанкнинг устав капитали 2,53 млрд. сўмга камайтирилади.

×