Наманган вилоятининг Чортоқ ва Мингбулоқ туманларида 59 нафар фуқароларга ажратилган умумий миқдори 1 млрд. 443,2 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари банк масъуллари билан ўзаро тил бириктирилиб талон-торож қилинганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими хабарига кўра, “H.g.”, “K.T.” фермер хўжалиги ва “Ch.m.” МЧЖ раҳбарлари тумандаги тижорат банки филиали масъул ходимлари билан ўзаро тил бириктириб, 51 нафар фуқаро номига қуёнчилик ва чорвачилик йўналишида ажратилган 1,3 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилган.
Шу каби, Мингбулоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Т.Ё.” МЧЖ раҳбари Э.Й. ҳудуддаги тижорат банки филиали собиқ мансабдор шахслари билан ўзаро тил бириктириб, 8 нафар фуқарога тикувчилик йўналишида ажратилган 143,2 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағини корхона ҳисоб-рақамига ўтказишга эришиб, фуқароларга маҳсулотларни етказиб берилмасдан, талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Наманган шаҳри Давлатобод туманида фуқароларнинг имтиёзли кредитларини ўзлаштирган фирибгар аниқлангани тўғрисида хабар берган эдик.
Тасодифий хабарлар
ANORBANK мутахассиси банк картасини танлашда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида маслаҳат берди
Ўзсаноатқурилишбанк Венгрия банклари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Халқ банки Кузатув кенгаши янги тартибда сайланди
Агробанк антикоррупция халқаро стандарти бўйича сертификатга эга бўлди
2021 йилда банклар миқёсида масофавий банк хизматларидан фойдаланувчи мижозларнинг мутлақ сони 5,7 миллонга кўпайди