Марказий банк кредитга кафил бўлишни режалаштирган фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди

Марказий банк кредитларга кафил бўлган фуқаролар томонидан қарздорлар ўз вақтида кредитларни қайтарилмаслиги натижасида уларни ундириш кафилнинг ҳисоб рақамига қаратилаётганлиги тўғрисидаги Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига йўлланаётган мурожаатлар юзасидан тушунтириш берди.

photo_2022-04-28_10-28-01

Иллюстратив фото

Хусусан, ўз вақтида тўланмаган кредит қарздорлиги вужудга келганда, қарз олувчининг ҳисобварағида маблағи бўлмаса, банклар томонидан қарздорликни ундириш нимага қарз олувчига тегишли бошқа мол-мулкларга қаратилмасдан, қарздорликни сўндириш дарҳол кафилнинг банк карталаридаги мавжуд пул маблағлари ҳисобидан акцептсиз (мижознинг розилигисиз) тарзда амалга оширилаётганлиги бўйича эътироз билдирилиб, банклар бундай қилишга ҳақлими, деган саволлар берилмоқда.

Мазкур эътирозлар бўйича кафил бўлган фуқаролар билан суҳбатлашилганда улар яқин танишларига ишонган ҳолда, қарз олувчининг молиявий ҳолатини ўрганиб чиқмасдан ҳамда кафиллик шартномаси шартлари билан тўлиқ танишмай туриб, шунчаки “расмиятчилик учун” имзо қўйиб бераяпман, деган фикр билан кредит бўйича кафил сифатида ўзларига молиявий мажбурият олганликлари маълум бўлмоқда. 

Шу билан бирга, кредит бўйича кафил бўлган фуқаролар кафилнинг қонун ҳужжатлари ва ҳатто кафилнинг ўзи имзолаган кафиллик шартномалари шартлари билан белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, кафиллик қай ҳолатларда бекор бўлиши тўғрисида батафсил маълумотга эга эмаслиги натижасида кафил, қарз олувчи ва кредит ташкилоти (банк ва микрокредит ташкилоти) ўртасида турли тушунмовчиликлар пайдо бўлмоқда.

Маълумот учун: Кафил фуқаролардан қарз олувчи кредит тўловларини вақтида тўламаганда юзага келган навбатдаги қарздорлик тўловларини ўз ихтиёрингиз билан тўлашга рози бўлармидингиз, деб сўралганда кафилларнинг аксарияти қарз олувчилар барча кредит тўловларини ўзлари тўлашини, кафиллик бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини ваъда қилиб, кафил бўлишга кўндирганлигини билдирган ҳамда бошқа шахс томонидан олинган кредит тўловларини тўлашга хоҳиши йўқлигини таъкидлаган.

Қайд этиш лозимки, кафил шахс кредит маблағи ажратган кредит ташкилоти олдида қарз олувчи билан баравар ҳажмда жавоб беради (кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса), шу жумладан, кафил шахс кредит ташкилотига қарздорнинг ўз вақтида тўланмаган кредитининг асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизларини тўлашдан ташқари, ушбу кредитни ундириб олиш билан боғлиқ суд харажатларини ва қарздор ўз мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредит ташкилотига етказилган бошқа зарарларни ҳам тўлайди.

"Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати Сизларни бошқа бир шахснинг кредити бўйича кафил сифатида қатнашишдан аввал келажакда ўзингиз ҳамда қарз олувчининг молиявий ҳолати ёмонлашуви сабабли юзага келиши мумкин бўлган хатарларни (молиявий йўқотишлар, кредит тарихи маълумотлари ёмонлашуви, турли процессуал жараёнларда жавобгар сифатида қатнашиш) тўғри баҳолашга, молиявий имкониятларингизни аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда таҳлил қилишга, шунингдек, ҳаволада келтирилган тавсия ва маълумотлар билан батафсил танишиб чиқишга чақиради", - дейилади хабарда.

×