Туронбанк бу йил бир нечта янги инновацион хизматларни ишга туширмоқчи: шулардан бири — "Pin on glass" технологияси

Мазкур технология "One Touch" хизматининг такомиллаштирилган шакли бўлиб, у орқали чекланмаган миқдорда тўловларни контактсиз ва ҳеч қандай терминал ускуналарасиз қабул қилиш мумкин. Қолаверса, энди нафақат "Humo", балки "Visa" ва "Mastercard" пластик карталари ҳам шу тизимга уланиши режалаштирилган.

52-1

Шу ва бошқа шу каби маълумотлар Туронбанк томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фаоллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Унда, Туронбанкнинг 2020 йилги фаолияти таҳлил қилиниб, бу йилги режалар билан ўртоқлашилди. Хусусан, жорий йилда чакана хизматлар борасида кутилаётган янги хизмат турлари борасида ҳам сўз борди.

52-2

Айтилишича, 2021 йил бошига банкнинг жами капитали 1 трлн. 210,2 млрд. сўмга етган ва 2019 йилга нисбатан ўсиш 119,6 млрд. сўмни ёки 9,9 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, актив операциялар борасидаги фаоллик ҳам рақамларда ўз аксини топган. Яъни, 8,7 трлн. сўмгача етган. Жумладан, банк кредит портфели ҳам барқарор ўсиш динамикасини сақлаб қолиб, 2020 йил якунида 6,6 трлн. сўмни ташкил қилган. 2020 йил якуни бўйича жалб қилинган депозитлар миқдори 2019 йилга нисбатан 463,6 млрд. сўмга (ёки 21,9 фоизга) кўпайиб, 2,1 трлн. сўмгача етган.

Банк мутахассислари 2021 йилда янги чакана кредит ва омонат турлари ишлаб чиқилиши, мобил илова янгиланиши, трансформация жараёнларининг бориши каби қатор муҳим йўналишлар бўйича ҳам журналистларга маълумот беришди.

Шу билан бирга, анжуман давомида аҳоли учун тақдим этилаётган "Имконият плюс", "Янги орзу" ,"Омадли бонус" сингари миллий валютадаги фойдали омонатлар бир қаторда, яқин кунларда аҳоли учун янада жозибадор янги омонат тури ҳам жорий этилиши ҳақида сўз борди.

Қизғин савол-жавоб кўринишида ўтган матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган яна кўплаб саволларга жавоб олишди.

Теглар:
×