Муомалага чиқарилган банк карталари сони 28 млн. донадан ошди

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-апрель ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

Март ойи давомида пластик карталар 493,7 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 28,3 миллион донадан ошди. Бу ойда эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш ANORBANK (185,6 минг дона), Агробанк (65,7 минг дона), "Ипак Йўли" банки (39,1 мингта), Ўзсаноатқурилишбанк (31,6 минг дона) ҳамда TBC Bank (29,7 минг дона) да кузатилган.

Шу билан бирга, Халқ банки (-56,8 минг дона), Қишлоқ қурилиш банк (-8,6 минг дона), КДБ Банк Ўзбекистон (-1,0 минг дона), Микрокредитбанк (-706 дона) томонидан чиқарилган карталар сонида камайиш кузатилган.

Ҳозирча Пойтахтбанк бир неча ойлардан бери пластик карта эмиссия қилмаяпти. Охирги марта 2021 йилнинг сентябрь ойида банк томонидан чиқарилган карталар сонида ўзгариш рўй берган. Шунингдек, Bank Apelsin ҳам карта эмиссия қилишни йўлга қўймаган.

Терминаллар сонида эса камайиш қайд этилган — 143 дона. Энг кўп терминал ANORBANK (256 та), Трастбанк (193 та) ва Ориент Финанс банк (120 та) томонидан ўрнатилган. Терминаллар сонидаги сезиларли камайиш Халқ банки (-910 та), Туронбанк (-272 та), Hamkorbank (-121 та), Асакабанк (-109 та) ҳиссаларига тўғри келган. Умуман олганда, жами 17 та тижорат банки томонидан ўрнатилган тўлов терминаллари сонида камайиш кузатилган бўлса, 5 тасида бу кўрсаткич ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистонда 2022 йил март ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 225 та ўсиш қайд этилди. Бу рақам асосан Халқ банки (57 дона), Микрокредитбанк (52 дона), Агробанк (35 дона) ва Tenge Bank (31 дона) лар ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 2 та банк — Туронбанк ва Трастбанкларнинг ўрнатган банкомат ва инфокиосклар сонида камайиш бўлган бўлса, 19 банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

Жорий йилнинг январь-март ойлари давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 25 млн. сўм атрофида тушум тушган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-март ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

atm-01-04-22.jpg

 

×