Кичик тадбиркорларга йиллик 14 фоиз ставкада 5 млрд. сўмгача кредит ажратилади

Президент "Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорни имзолади.

photo_2022-04-20_10-59-30

Иллюстратив фото

Қарорга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштириш учун тижорат банкларига 300 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси ажратилади.

Бунда:

  • кредит линияси тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада миллий валютада;
  • банклар томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун йиллик 14 фоиз ставкада, 5 йилгача муддатга, шу жумладан, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 5 млрд. сўмгача миқдорда;
  • тадбиркорларнинг фаолият даври 6 ойгача бўлганда 1 млрд. сўмгача, 6 ойдан 1 йилгача бўлганда 2 млрд. сўмгача, 1 йилдан 2 йилгача бўлганда 3 млрд. сўмгача, 2 йилдан 3 йилгача бўлганда 4 млрд. сўмгача ва 3 йилдан ошганда 5 млрд. сўмгача кредитлар ажратилади.

Таъкидланишича, кредит линияси маблағларининг камида 70 фоизи Нукус шаҳридан, вилоятларнинг маъмурий марказларидан ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади.

Сардор Умурзаков мазкур қарор доирасида ажратилган кредит линиясидан самарали фойдаланишни мувофиқлаштиради. Шунингдек, кредит линияси ресурсларини ҳудудлар ва тижорат банклари кесимида тақсимлаш, банклар ва тадбиркорлар томонидан кредит линияси маблағлари самарали ва манзилли ишлатилиши устидан тизимли мониторинг ташкил қилиш каби вазифалар С.Умурзаковга юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудлардаги кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар ажратилишини маълум қилган эди. Бу маблағ тадбиркорлар учун энг яхши шартлар таклиф қилган банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валютада жойлаштирилади. Мазкур йиғилишда давлат раҳбари ажратилаётган маблағлар халқнинг пули экани, бироқ банклар энг катта порахўрлик билан шуғулланаётганини таъкидлаган эди.

×