"Альфа-Банк Қозоғистон" банкни сотиш бўйича қатор инвесторлар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда банк хабарига асосланиб Курсив нашри хабар бермоқда.
Банкнинг бошқарувчи директори Андрей Тимченко мавжуд вазиятни яхшилаш ва барқарорлаштириш учун банк қандай чоралар кўраётгани ҳақида расмий баёнот берган.
А.Тимченконинг сўзларига кўра, ҳозирда банкни сотиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ўндан ортиқ сармоядор банк ҳужжатлари ва кўчирмаларини ўрганмоқда ва яқин кунларда битим якунланиши мумкин.
"Ўйлайманки, биз бир неча кун, балки ҳафталар ичида сотиш бўйича келишувга эриша оламиз", - дея қўшимча қилган Андрей Тимченко.
Ўтган йил охирига келиб "Альфа-Банк Қозоғистон" бошқарув директори Дамир Какиев бошчилигидаги делегацияси аъзолари Ўзбекистонга ташриф буюриб, Марказий банкда расмийлар билан учрашган эди. Учрашувда Альфа-Банк ЎзР Марказий банкидан банк, тўлов тизими ёки микрокредит ташкилотини очиш масалалари бўйича маслаҳатлар олган.
Марказий банк матбуот хизматининг ушбу учрашув юзасидан тарқатган хабарига кўра, "мулоқот давомида меҳмонлар банк фаолияти ҳақида батафсил маълумот берган ҳамда истиқболдаги режалар, шу жумладан, банкнинг Ўзбекистон молия бозоридаги иштирокини кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтган".
Россиянинг энг йирик хусусий банки ҳамда активлари бўйича тўртинчи ўриндаги йирик банки бўлган Альфа-Банк номи 6 апрель куни эълон қилинган АҚШ санкциялари рўйхатига қўшилган эди. АҚШнинг тўлиқ блокловчи санкцияларига Альфа-Банк билан бирга, Россиянинг энг йирик банки Сбер ҳам тушган эди.
Ушбу санкция орқали Альфа-Банк ҳамда унинг шўба корхоналари, хусусан "Альфа-Банк Қозоғистон" SDN (Specially Designated Nationals) рўйхатига киритилган, бу эса уларнинг АҚШ юрисдикцияси ва молия тизимига алоқадор ҳар қандай активлари музлатилишини билдиради.
Ўзбек банклари орасида фақатгина Asia Alliance Bank ҳозирда Альфа-Банк билан вакиллик алоқаларига эга.
Тасодифий хабарлар
Ўтган 8 ойда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли омонатлари қолдиғи 45 фоизга ортган
Навоийда уч нафар банк ходими автоҳалокат туфайли вафот этди
Tenge Bank ПЛАС-Форумда бизнес учун онлайн маҳсулотлар ишга туширилганини эълон қилди