Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фуқароларнинг банк картасидаги пул маблағлари уларнинг рухсатисиз ечиб олган ҳолатни аниқлади. Бу ҳақда Марказий банк расмий Телеграм каналида хабар берилди.
\n\n\n\nБанк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига қилинган мурожаатлар ўрганилганда кафил ёки биргаликда қарз олувчи ҳисобланмаган фуқароларнинг банк карталари қонун ҳужжатларига риоя қилинмаган ҳолда уларнинг розилигисиз тижорат банки томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредит қарздорлигини сўндириш учун бириктирилиб, маблағлар ечиб олиш амалиёти йўлга қўйилганлиги аниқланди.
\n\nРегулятор бундай амалиётни йўлга қўйган “Давр-банк” ХАТБга нисбатан жарима санкцияси қўллади. Шунингдек, банкка фуқароларнинг банк ҳисобварақларидан (шу жумладан, банк карталаридан) маблағларни қонунчиликка зид равишда уларнинг розилигисиз ҳисобдан чиқариш амалиётига чек қўйиш ҳамда фуқаролардан шу мазмунда шикоятлар келиб тушганда ушбу маблағларни қайтариб берилишини таъминлаш вазифаларини юклатди.
\n\nБанк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати тижорат банкларининг инсофсиз хизмат кўрсатиш амалиётларига қарши туради ҳамда кредит қарздорликларни учинчи шахслар ҳисобидан сўндиришда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишга чақиради.
\n\nЭслатиб ўтамиз, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 57-моддасида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги учун банкка нисбатан чоралар кўрилиши белгиланган.
\n