TBC Bank Марказий банк билан биргаликда "Депозитлар ҳақида батафсил" номли учрашувни ўтказди

7 апрель куни TBC Bank, Марказий банк ва Фуқароларни банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди билан ҳамкорликда учрашув ўтказди ва унда фуқаролар учун омонатлар афзалликлари ҳақида суҳбатлашдилар.

tbc_depozitlar_boyicha.jpg

Учрашувда Марказий банкнинг Молиявий саводхонликни ошириш ва банк мутахассисларини қайта тайёрлаш департамент раҳбари Дилбар Абдуганиева, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондининг раҳбари Нодир Аббосов, “TBC Bank” АТБ Бошқаруви раиси Спартак Тетрашвили сўзга чиқди.

Учрашувда омонатларнинг афзалликлари нимада ва уларнинг Ўзбекистонда ҳамда бошқа ривожланган мамлакат бозорларида қандай ишлаши, аҳоли ўртасида пул жамғариш ва жамғариш маданиятини юксалтириш, тўғри ҳисоблаб, депозитни тўғри танлаш, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди қандай ишлайди ва Ўзбекистонда омонатчиларни ҳимоя қилиш кафолатлари қанақа каби масалалар юзасидан саволлар берилди.

Депозитлар аҳоли фаровонлигини ошириш, шунингдек, бутун мамлакат иқтисодиётининг ўсишини рағбатлантиришнинг энг самарали молиявий воситаларидан биридир. Қисқача қилиб айтганда, депозит ёки омонат – бу мижознинг доимий даромад олиш эвазига фойдаланиш учун банкка берган пул маблағидир. Бу инвестиция қилишнинг энг осон усулларидан бири, чунки у махсус билимларни талаб қилмайди. Шу билан бирга, фойда кафолатланган ва барқарор бўлади, хавфлар эса минималдир, чунки жисмоний шахсларга тегишли омонатларнинг хавфсизлиги таъминланган. Ўзбекистон Республикасида барча омонатлар Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ ҳажмда ҳимоя қилинади.

tbc_depozitlar_boyicha_1.jpg

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондининг раҳбари Нодир Аббосов: “Фонднинг вазифалари ва фаолияти ҳақида маълумот беришдан биз жуда ҳам хурсандмиз. Кўриб турганимиздек, аҳоли биз қандай кафолатлар бераётганимиз ҳақида ҳали тўлиқ тасаввурга эга эмас. Бугунги кунда Фонд банк ўзини дефолт ёки тўловга лаёқатсиз деб эълон қилган ҳолларда депозитлар бўйича маблағларнинг 100% қопланишини кафолатлайди. Келажакда молиявий бозоримиз янада етуклик даражасига етганда, бу ўзгариши мумкин. Аммо ҳозирча биз учун одамлар ўз молиявий маблағларини бошқаришни ўрганишлари, уларни сармоя қилишдан ва ундан пул ишлашдан қўрқмасликлари жуда муҳим”.

Марказий банкнинг Молиявий саводхонликни ошириш ва банк мутахассисларини қайта тайёрлаш департамент раҳбари Дилбар Абдуганиева: “Бугунги кунда мамлакатимизда молия бозори фаол ривожланмоқда. Афсуски, пандемия давридаги инқироз шуни кўрсатдики, аҳолида қийин дамларда ишониш мумкин бўлган захира пуллари жуда кам. Ҳозирча бизда депозитлардан кўра кредитга талаб кўпроқ. Шунинг учун биз, хусусан, одамларга ўз молиявий маблағларини тўғри режалаштиришга ёрдам беришни ўз вазифамиз деб биламиз. Ҳозирда банк соҳасида кўплаб депозит таклифлари мавжуд. Қулайлик учун биз махсус www.bankxizmatlari.uz платформасини яратдик, у ерда жорий банк маҳсулотлари ҳақидаги барча маълумотлар жамланган. Биз аҳолини жамиятимиз фаровонлигини максимал даражада ошириш учун ўз даромадларини ҳисоблаш, таҳлил қилиш, режалаштириш ва фойдали инвестиция қилишга ундамоқчимиз”.

“TBC Bank” АТБ Бошқаруви раиси Спартак Тетрашвили: “Биз пул ишлаши керак деган фикрни етказиб бермоқчимиз. Сиз бизнинг банкни ёки бошқа банкни танлашга қарор қиласизми ёки йўқми, бу муҳим эмас. Бундан ташқари, ҳозирда депозит очиш учун ҳеч қаерга бориш шарт эмас. Деярли барча банкларда сиз омонат қўйишингиз ёки кредит олишингиз мумкин бўлган онлайн-иловалар мавжуд. Бундан ташқари, баъзи депозитлар капиталлашувга эга – олинган фоизларни асосий депозитга қайта инвестициялаш орқали сиз асосий омонатнинг даромадлилигини оширишингиз мумкин. Тўғри инвестициялар ёрдамида даромадингизни оширишнинг кўплаб усуллари бор ва биз бу ҳақда иложи борича кўпроқ потенциал омонатчилар билишини хоҳлаймиз”.

Учрашув офлайн форматда ўтказилди ва Facebook платформасида ҳам онлайн кўрсатиб борилди. Молиявий саводхонликни ошириш, аҳолини банк маҳсулотларидан фойдаланишга ўргатиш мақсадида бундай суҳбатларни мунтазам ўтказиш режалаштирилган.

 

Теглар:
×