Марказий банк I чоракда 2,4 млрд. долларлик интервенцияни амалга оширган

Марказий банк 2022 йилнинг I чораги учун банклараро пул бозори шарҳини тақдим этди.

markaziy_bank_review_uz.jpg

Фото: Review.uz

Регуляторга кўра, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида банклараро пул бозоридаги ҳолат банк тизими умумий ликвидлигининг мавсумий қисқариши таъсирида шаклланган бўлса, март ойида иқтисодиёт субъектларининг девальвацион кутилмалари ортиши ҳисобига хорижий валютага бўлган талабнинг кўпайиши сабабли сўмдаги ликвидлик ҳажмининг сезиларли камайиши ҳамда ойнинг иккинчи ярмида пул-кредит шароитлари ва операцияларига киритилган ўзгартиришлар фонида шаклланди.

Чорак давомида банклараро пул бозорида 27,7 трлн. сўмлик операциялар амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг IV чораги билан солиштирганда 1,3 баробарга кўпроқ.

2022 йилнинг I чорагида Марказий банкнинг ички валюта бозорига интервенциялари ҳажми 2,4 млрд. долларни (26,8 трлн. сўм эквиваленти) ташкил этиб, 2021 йилнинг сўнгги чорагига нисбатан 19 фоизга кўп бўлди. Интервенциялар ҳажмининг ортиши ташқи хатарлар шароитида миллий валюта алмашув курсида юзага келиши мумкин бўлган кескин тебранишларни юмшатишга хизмат қилди.

Пул бозоридаги операциялар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари январь ва февраль ойларида нисбатан ўзгаришсиз шаклланган бўлса (13,1 фоиз атрофида), Марказий банк томонидан ташқи иқтисодий хатарлар фонида асосий ставканинг оширилиши бўйича қарори таъсирида март ойидаги ўртача фоиз ставкалари 15,1 фоизгача кўтарилди (17-31 март кунларида ўртача фоиз ставкаси 17,1 фоизни ташкил этиб, асосий ставка ўзгаришига мувофиқ бўлди).

Инфляция даражасини ҳисобга олганда, чорак давомида пул бозоридаги реал фоиз ставкалари ижобий даражада шаклланиб, Марказий банк асосий ставкасининг оширилиши фонида март ойида ўртача реал фоиз ставкаси 4,2 фоизгача кўтарилди ва “қатъий” пул-кредит шароитларини ҳосил қилмоқда.

Банкларнинг банклараро пул бозоридаги депозит операциялари ҳажмининг пул-кредит инструментларига нисбати 2021 йил якунидаги 30 фоиздан март ойида 42 фоизгача ортди. Ушбу ҳолат, умумий ликвидликнинг камайиши фонида Марказий банкнинг ликвидликни жалб этиш операциялари ҳажмининг маълум даражада қисқариши билан изоҳланади. 

 

×