Hi-Tech Bank'нинг бир неча млрд. сўмлик ўз вақтида тўланмаган қарзлари борлиги маълум бўлди

"Hi-Tech Bank" хусусий акциядорлик тижорат банкининг ўз вақтида тўланмаган 58,7 млрд. сўмдан ортиқ қарздорликлари борлиги маълум бўлди. Ушбу қарздорликлар суммаси Мажбурий ижро бюроси томонидан ижрога қаратилган ҳужжатлар порталида мавжуд.

htb.jpg

Юқорида кўрсатилган қарзнинг 26,12 млрд. сўми Ипотека-банкдан, 24,51 млрд. сўми Халқ банкидан, 8,10 млрд. сўми эса Мактабгача таълим вазирлиги томонидан қайтариш учун ижрога берилган суммалардир.

htb_ipoteka_bank.jpg

Hi-Tech Bank'нинг Ипотека-банкдан қарздорлигини кўрсатувчи ижро варағи.
Фото: Мажбурий ижро бюроси

Bankers.uz нашрига маълум бўлишича, қарздорлик юқоридаги икки тижорат банки ҳамда вазирликнинг Hi-Tech Bank'га депозит қўйиши ва банк томонидан депозит бўйича мажбуриятларини бажара олмай қолиши натижасида юзага келган. Нашр манбалари юқоридаги иккита банкда Hi-Tech Bank'га қўйилган депозитлар бўйича юқоридаги суммадан кўпроқ суммада захира шакллантирганлиги ҳақида айтишган.

Шунингдек, жорий йил 30 март куни Мажбурий ижро бюросининг ижро ҳужжатлари порталида Hi-Tech bank'нинг банклардан жами қарздорлик суммалари каттароқ миқдорда бўлган, шунингдек банкнинг  "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси"дан 6,77 млрд. сўм қарздорликни ундириш кўрсатилган ижро ҳужжати ҳам мавжуд бўлган бўлса-да, ноъмалум сабабларга кўра, орадан бир кун ўтиб, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ижро ҳужжати сайтда кўринмай қолган, банкнинг жами қарздорлик суммаси ҳам камайган.

htb_xalq_banki.jpg

Hi-Tech Bank'нинг Халқ банкидан қарздорлигини кўрсатувчи ижро варағи.
Фото: Мажбурий ижро бюроси

Эслатиб ўтамиз, 1 март ҳолатига кўра, "Hi-Tech Bank" ХАТБнинг умумий кредит портфели 149 млрд. сўмни ташкил қилади. Кредит портфелининг 92,94 фоизини ёки 138,48 млрд. сўми муаммоли кредитлардан иборат. Банк муаммоли кредитларнинг кредит портфелидаги улуши бўйича Ўзбекистон тижорат банклари орасида биринчи ўринда туради.

htb_maktabgacha_talim_vazirligi.jpg

Hi-Tech Bank'нинг Мактабгача таълим вазирлигидан қарздорлигини кўрсатувчи ижро варағи.
Фото: Мажбурий ижро бюроси

 Банк 2021 йилни 35,5 млрд. сўм молиявий зарар билан якунлаган.

 

Теглар:
×