Муаммоли имтиёзли кредитлар солиқ тўловчилар ҳисобидан сўндирилиши муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган муаммоли кредитлар солиқ тўловчилар ҳисобидан тўланиши мумкин.

photo_2022-04-01_18-45-20

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров раислигида бўлиб ўтган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича Республика комиссиясининг 9 мартдаги йиғилишининг 3-сонли баённомасига асосан Марказий банкка 2017-2021 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида берилган, лекин ҳалигача тўлиқ қайтарилмаган муаммоли кредитларни ҳокимликлар маҳаллий бюджетларининг ортиғи билан бажарилган қисми ҳисобидан қоплаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритиш топширилди. Бу ҳақда ушбу йиғилиш баённомаси билан танишган Gazeta.uz нашри хабар бермоқда.

Шунингдек, юқоридаги баённомага кўра, муаммоли кредитларнинг юқори улуши Наманган, Андижон, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида кузатилмоқда. Мазкур вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари (тегишли равишда Толиб Юсупов, Отабек Турсунов, Абдували Мустанов ва Жамшед Ўраков)нинг кредит маблағларини ундириш бўйича олиб бораётган ишлари қониқарсиз, деб топилган. Улар ушбу масала юзасидан комиссиянинг навбатдаги йиғилишига ҳисобот тайёрлашлари кераклиги кўрсатилган.

Баённомада муаммоли кредитлар ҳажми кўрсатилмаган бўлса-да, Марказий банк маълумотларига кўра, 2022 йил 1 март ҳолатига, банкларнинг кредит портфелидаги тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар қолдиғи 11 триллион сўмдан ортиқни ташкил қилган.

Аввалроқ Ҳисоб палатаси 2021 йилда ПҚ-5041 сонли президент қарори билан ажратилган 2,8 трлн. сўм имтиёзли кредитлар муаммога айлангани тўғрисида маълум қилган эди.

1 март ҳолатига банкларнинг кредит портфелидаги барча муаммоли кредитларнинг улуши 5,3 фоизга ёки 17,2 триллион сўмга етди.

“Имтиёзли кредитлар бор жойда коррупция бўлади”

2020 йилнинг март ойида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов “имтиёзли кредитлар бор жойда, албатта, нотўғри фойдаланиш тенденцияси ва коррупцион унсурлар бўлади”, деб таъкидлаган эди.

Биринчи босқичларда асосий ставка 16 фоиз, бозор кредитларининг ўртача фоиз ставкаси 24,3 фоиз бўлган вақтда, имтиёзли кредитлар 7-8 фоизли ставкада ажратилган.

“Чиқиш фоиз ставкаси бозор ставкаси бўлиши керак, А тадбиркорга бозор ставкасида, Б тадбиркорга эса пасайтирилган ставкада кредит берилмаслиги керак. Бу бутун банк тизимини бузади ва банкнинг оддий тижорат тузилмаси сифатида шаклланишига тўсқинлик қилади”, — деган эди Марказий банк раиси 2018 йилнинг ноябрь ойида.

2020 йилдан бошлаб деярли барча имтиёзли кредитлар бўйича ставкалар Марказий банкнинг асосий ставкасидан паст бўлмаслиги керак эди, 2021 йилдан бошлаб имтиёзли ставкалар бўйича кредитлар бериш амалиётини бекор қилиш режалаштирилган эди, бироқ амалиёт давом этди. Мамаризо Нурмуратовнинг айтишича, коронавирус пандемияси туфайли бу режалар кейинга сурилган.

Марказий банкнинг 2022 йил февраль ойи маълумотларига кўра, сўмдаги имтиёзли кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 11,2 фоизни ташкил қилган.

Аввалроқ иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов банклар учун имтиёзли кредитларнинг 3 та ёмон таъсирини айтиб берган эди.

×