Президент раислигида макроиқтисодий барқарорликка бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

mamarizo_nurmuratov_president_uz.jpg

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этди.

Жумладан, валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланди.

“Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли”, - деди Президент.

Марказий банкка пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттириш топширилди.

Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари тадбиркорлар билан ҳар куни учрашиб, уларга валюта бозоридаги вазиятни, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмларини тушунтириб боради.

makroiqtisodiy_barqarorlik_selektori.jpg

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штабига зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун аввал берилган 500 миллиард сўм имтиёзли ресурсларнинг қайтариш муддати йил якунига қадар узайтирилилиши бўйича топшириқ берди.

Селекторда маълум қилинишича,

  • банклар томонидан тадбиркорларга хом ашё сотиб олиш ва айланма маблағлар учун қўшимча 10 триллион сўм “револьвер” кредитлар ажратилади. Ушбу маблағлар биринчи галда экспортчилар, озиқ-овқат ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга ажратилади;
  • давлат дастурлари доирасида мева-сабзавот етиштиришга, оилавий тадбиркорлик, ипотека ва таълимга ажратиладиган кредитлар ҳажми ва имтиёзли ставкалари сақлаб қолинади.

“Қанчалик оғир бўлмасин, ажратиладиган маблағларни камайтирмаймиз ва юкини оширмаймиз”, - деди Президент.

Шунингдек, ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга топшириқ берилди.

 

×