Ўзбекистон банклари 1-ярим йилликни қандай молиявий натижа билан якунладилар?

Оператив маълумотларга кўра, 2021 йил I ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистон тижорат банклари ўз фаолиятини жами 3 трлн. 35 млрд. сўм соф фойда билан якунладилар. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 452 млрд. сўмга ёки 15,5 фоизга кўпроқдир. Соф фойда миқдори бўйича етакчи бешликнинг тўрттасини давлат банклари — Ўзсаноатқурилишбанк, Ўзмиллийбанк, Ипотека-банк ва Халқ банки эгаллаган. Баланс соф фойдаси бўйича "катта бешлик"ка кутилмаганда давлат назоратида бўлмаган Ипак Йўли банк ҳам кирган.

Соф фойда бўйича кейинги бешликда эса Асака банк ҳамда тўртта давлат назоратида бўлмаган банклар — Трастбанк, Ҳамкорбанк, Капиталбанк ва Ориент Финанс банк эгаллаган. Юқоридаги ўнта банкнинг соф фойдаси жами банк тизими соф фойдасининг 89,0 фоизини ташкил қилган. Маълумот учун: 2020 йилнинг I ярмида бу кўрсаткич 83 фоизни ташкил қилган эди.

2020 йилнинг I ярми билан солиштирганда, соф фойда кўрсаткичининг энг катта ўсиш даражаси Тенге банкда (414,6%), Капиталбанкда (379,1%), Агробанкда (99,6%), Ипотека-банкда (61,2%), Ипак Йўли банкда (52,0%) қайд этилган.

Ўтган йилдан фарқли равишда, бу йил 6 та банк биринчи ярим йилликни зарар билан якунлаган. Зарар кўрганлар орасида "ёш банклар" — ANORBANK ҳамда TBC банклар ҳам бор. Улар мос равишда 1,7 млрд. сўм ҳамда 42,0 млрд. сўм зарар кўрган. Шунингдек, Мадад Инвест Банк (-7,8 млрд. сўм), Ўзагроэкспортбанк (-23,4 млрд. сўм), Савдогар банк (-24,2 млрд. сўм), Hi-Tech Bank (-35,5 млрд. сўм) лар ҳам I ярим йилликни «салбий натижа» билан тугатган.

Қолган рақамлар билан қуйидаги жадвалда танишишингиз мумкин. 

Изоҳ: Юқоридаги маълумотлар нормасмий манбалар томонидан тақдим этилган бўлиб, банклар томонидан ҳали расман тасдиқланмаганлиги боис, расмий таҳлилларда фойдаланиш тавсия этилмайди.

2023

Теглар:
×