Жорий йилнинг 29 март куни “Миллий матбуот маркази”да “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар” тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди.
Фото: Микрокредитбанк
Ушбу тадбирни “Микрокредитбанк” АТБ Бошқаруви аъзоси, департамент директори Алишер Мустафаев очиб, банк томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Хусусан, бугунги кунда банкнинг 71 та филиали, 90 та банк хизматлари маркази, 24 та мини-банки, 120 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш офиси, 150 та махсус кассалари фаолият юритиб, 250 мингга яқин юридик шахсга, 1 250 мингдан ортиқ жисмоний шахсга хизмат кўрсатмоқда.
2021 йилда банк активлари 31 фоизга, кредит потфели 27 фоизга, депозитлар қолдиғи 31 фоизга, шундан аҳоли омонатлари қолдиғи 29 фоизга ўсди.
Ўтган йилда барча молиялаштириш манбаалари ҳисобидан жами 5,9 трлн. сўмлик кредитлар ажратилиб, 95 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди. Хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига асосан, 72 715 та аҳоли ва тадбиркорлик субъектига 2 048 млрд.сўмлик кредитлар ажратилди ва 81 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Маълумки, Президентимиз мурожаатномасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва уларни иш билан таъминлаш борасида банк олдига аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида, банк томонидан ижтимоий дастурлар доирасида ажратилган имтиёзли кредитлардан 1 270 млрд. сўмлик (ёки 62 фоизи) қисми 45 мингга яқин ёшларнинг ўз бизнесини ташкил этиши учун йўналтирилди ва бунинг натижасида 49 мингга яқин ёшлар бандлиги таъминланди. Ушбу кредитларнинг асосий қисми тегишли сертификатга эга бўлган ёшларга ажратилди.
Шу билан бирга, ҳудудларда очилган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган 28 мингга яқин аҳолининг эҳтиёжманд қатлами вакилларига 633 млрд.сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада, 2020 йилга нисбатан имтиёзли кредитлар ҳажми 611 млрд. сўмга ёки икки баробарга, аҳоли бандлиги таъминлаш кўрсаткичи 27 мингтага ўсди.
Инвестицион дастурлар доирасида жами 246 та лойиҳага 1 429 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши ва лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 4 732 та янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, ушбу йўналишда саноат соҳасида 3 089 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 578 та ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 1 065 та аҳолининг бандлиги таъминланди.
Ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган 1 946 млрд. сўм миқдоридаги кредитлар ҳисобига 1 254 та янги лойиҳа ишга туширилди.
“Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 14 июндаги ПҚ-5146-сонли президент қарори ижроси юзасидан 182 та лойиҳага 444,2 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Ушбу лойиҳаларнинг ишга тушиши натижасида йилига қўшимча 1 265 млн. дона тухум ва 74,4 минг тонна парранда гўшти, 180,5 минг тонна парранда озуқаси етиштириш қувватлари яратилиши кутилмоқда.
Шунингдек, ўтган йил давомида 66 та қуёнчилик хўжаликларига 168,4 млрд. сўми, 1 639 та жисмоний шахсларга ўз хонадонида қуёнчиликни ривожлантириш мақсади 40,5 млрд.сўми учун йўналтирилди. Бугунги кунда мазкур соҳага ажратилган жами кредитлар миқдорида 4 773 та мижозда 453,6 млрд.сўмни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида 15 та янги банк бинолари қурилди, 31 та бино капитал ва жорий таъмирланди. 25 та янги, замонавий ихчам банк хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Венгрия давлатидан 300 та янги банкомат келтирилиб, чекка ҳудудлардаги 24/7 хизмат кўрсатиш офисларига жойлаштирилди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, онлайн хизматлар оммалашувини инобатга олган ҳолда банкнинг янги мобил иловаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда иловада 20 дан ортиқ янги онлайн хизматлар йўлга қўйилди. 300 мингдан ортиқ фойдаланувчи омонат, кредит, пул ўтказмалари, коммунал тўловлар каби хизматлардан масофадан туриб фойдаланмоқда.
Шу билан бирга, кредит қарорларини қабул қилиш жараёнларини автоматлаштириш бўйича андеррайтер тизими жорий қилиниб, 20 турдаги кредит маҳсулотларини ушбу тизим орқали ажратилмоқда. Ушбу тизим орқали 104 мингдан ортиқ жисмоний шахсга ҳамда 26 мингдан ортиқ юридик шахсга модулли кредитлар ажратилди. Жисмоний шахсларга “Овердрафт”, “Истеъмол”, “Микроқарз” кредитларини ажратиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилди.
2022 йилда ҳам трансформация ишлари изчил давом эттирилади, жумладан:
- меҳнат мигрантлари учун кредит олиш, омонат очиш, халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш каби хизматларни ўз ичига олган комплекс банк хизматлари яратилади;
- электрон виртуал карталар тақдим этиш функциялари жорий қилинади.
- бизнес жараёнларни оптималлаштириш орқали операцион харажатлар қисқартирилади;
- банкнинг янги корпоратив сайти ишга туширилиб, аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш бўйича дастурлар тақдим этилади;
- соҳада халқаро нуфузга эга компаниялар иштирокида микрокредит ташкилотини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш каби қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, тадбир давомида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси юзасидан Давлат дастурлари ва ҳукумат қарорлари билан ишлаш департаменти директори Ғолиб Саноев тўлиқ маълумот берди.
Матбуот анжумани давомида “Микрокредитбанк” АТБ масъул ходимлари журналистлар томонидан берилган барча саволларга жавоб беришди.
Тасодифий хабарлар
“Poytaxt bank” болалар учун “Card Kids” картасини тақдим этди
“Uzcard” ва “Иннополис” махсус иқтисодий зонаси ўртасида илмий ва тижорат соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланди
Равнақ-банк Mastercard орқали контактсиз смартфон тўловларини йўлга қўйди