Музработда банк масъуллари билан тил бириктириб, кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбари аниқланди

Muzrabot tumani

Фото: Ўзбекистон 24

Сурхондарё вилояти Музработ туманида “T.Y.E.” МЧЖ собиқ раҳбари И.С. корхонага “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш” учун ажратилган 220 000 АҚШ доллари кредит маблағини ўзининг шахсий эҳтиёжига ишлатиб юбориб, талон-торож қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Департаментнинг Музработ туман бўлимига АТ "Алоқабанк" Сурхондарё филиали мурожаат қилган ва ушбу мурожаатга асосан ўтказилган терговга қадар текширувда юқоридаги жиноят аниқланган. Шунингдек “T.Y.E.” МЧЖ собиқ раҳбари И.С. банк филиали масъул шахслари билан тил бириктириб, аслида баҳоси 737,8 млн сўм бўлган бинонинг нархини сунъий равишда оширган ҳолда 2,5 млрд сўмга ўзаро келишув далолатномасига асосан гаров таъминоти сифатида қўйиб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×