Tenge Bank'нинг IPO'си, Halyk Market'нинг ўзбек бозорида пайдо бўлиши — Умут Шаяхметова Halyk Bank'нинг Ўзбекистондаги келгуси фаолияти ҳақида гапирди

Тошкентда бўлиб ўтаётган халқаро инвестиция форумининг иккинчи кунида, 25 март куни "Молия бозори - капитал бозори ривожланишининг драйвери сифатида" мавзусида панель мунозараси бўлиб ўтди. Суҳбатда Марказий банк Раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев, ОТБ Хусусийлаштириш секторида операциялар департаменти бош директори Сюзанна Габури, Қозоғистон Halyk Bank'и Бошқарув раиси ва директорлар кенгаши аъзоси Умут Шаяхметова ҳамда КПМГнинг МДҲ мамлакатларидаги бўлинмаси Инвестициялар ва капитал бозорлари бўлими директори Дмитрий Залесскийлар спикер сифатида иштирок этди. Мунозарага Ўзбекистон Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Отабек Назиров модераторлик қилди.

umut_shayaxmetova_2.jpg

Мунозарада ўзининг нутқи билан иштирок этган Қозоғистон Halyk Bank'и Бошқарув раиси Умут Шаяхметова банкнинг Ўзбекистондаги шўба банки Tenge Bank келажакдаги фаолияти ва Halyk Bank'нинг Ўзбекистондаги келгуси режалари борасида ҳам фикр билдирди.

"Биз бу ерда Қозоғистондагидан ҳам юқорироқ иқтисодий ўсишни кўряпмиз. Ҳатто Tenge Bank ҳам IPO'га чиқиши мумкин. Tenge Bank стратегик инвесторни жалб қилиши, ўзига бошқа инвесторларни жалб қила оладиган даражада алоҳида молиявий институт бўлиши мумкин. Ва мен бу ерда стратегик инвесторларга, хорижий инвесторларга Tenge Bank'га сармоя киритиш таклифи билан чиқмоқчиман. Биз 25 фоиз, 30 фоиз, ҳатто 49 фоизгача улушимизни сотишимиз мумкин. Бизда катта компаниялар, яхши номлардан ажойиб вариантлар бор. Бироқ биз бу ерда IPO ёки бошқа босқичлар капитал бозорига чиқишимиз ва ўзимизнинг шўба банкимизни капитализация қилиш учун йирик имкониятимиз бор деб ўйлаймиз. Бу бизнинг стратегиямиз", - дейди Умут Шаяхметова. Halyk Bank Бошқарув раиси шу вақтга қадар Tenge Bank орқали Ўзбекистонга 110 млн. доллар сармоя киритганлигини қўшимча қилди.

umut_shayaxmetova_1.jpg

Қозоғистон Halyk Bank'и Бошқарув раиси ва директорлар кенгаши аъзоси Умут Шаяхметова

Шунингдек, У.Шаяхметова Ўзбекистон электрон тижорат бозорига кириш борасида ҳам айрим режалари борлигига тўхталди. У электрон тижорат бозорида Қозоғистонда иккинчи ўринда турувчи Halyk Market маркетплейсини Ўзбекистон бозорига ҳам олиб кириши мумкинлигини таъкидлади. "Ўзбекистон Қозоғистондан каттароқ бозор. Аҳолиси қарийб 40 миллион. Иқтисодиёт, банк тизими ва бошқа кўрсаткичларда ўсиш суръати юқори", - дейди Halyk Bank Бошқарув раиси.

umut_shayaxmetova_3.jpg

Инвесторларнинг мамлакатга, молия бозорига ишончи борасида гапираркан, У.Шаяхметова ўзининг шахсий тажрибасида Ўзбекистон бозорига учинчи маротаба сармоя киритаётгани таъкидлади. "Илк маротаба ABN Amro Bank сифатида сармоя киритганмиз. Мен у ерда ёш мутахассис эдим. Ишончимиз жуда юқори эди. Бироқ ишонч йўқотилди. Чунки қонунчилик ўзгарган эди. Капитал назорати, валюта назорати ва бошқа нормативлар киритилди".


 


 

×