UZCARD устав капиталидаги банклар улуши нол қийматда Давактивга ўтказилади

25.03.2022 07:41

1 366

Жорий йил 18 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор иловасига кўра, устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлган 18 та корхонанинг маълум бир қисм улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши белгиланган. Хусусан, "Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ (UZCARD тўлов тизими) устав капиталидаги 5 та тижорат банкининг улушлари Давактивга ўтказилади.

Ҳозирда UZCARD тўлов тизимининг 75 фоизи Ўзмиллийбанк (51%), Асакабанк (6%), Ипотека-банк (6%), Ўзсаноатқурилишбанк (6%), Алоқабанк (6%) лар орқали давлат назорати остида. Эндиликда ушбу улуш Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.

Бундан ташқари, "Тошкент" РФБ АЖнинг 25,2 фоизлик акциялар пакети Асакабанк, Халқ банки, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда Ўзмиллийбанк (ҳар бирида 6,3% дан) лар балансидан Давактивга ўтказилади. Фонд биржаси Давлат активларини бошқариш агентлиги балансида бўлса-да, биржа устав капиталидаги давлат улуши акциядор ваколатларини амалга ошириш учун ишончнома асосида Молия вазирлиги бошқарувига берилади.

Қарорга биноан, UZCARD тўлов тизими ҳамда Тошкент фонд биржасидаги улушини юқоридаги тижорат банклари нол қийматда Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиб беради ва ўзининг устав капиталидаги давлат улушини Давактивга топширилган активларнинг қолдиқ (баланс) қийматига камайтиради.

Шунингдек, "Ўзшаҳар қурилиш инвест" МЧЖдаги Ипотека-банкнинг 9 фоизлик улуши ҳам Давактивга ўтказилади.



Теглар:

#устав#uzcard#тижорат#ўзмиллийбанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган