Пластик карталар, терминаллар, банкоматлар ва инфокиоскларнинг февраль ойи бўйича статистикаси эълон қилинди

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-февраль ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди

Февраль ойи давомида пластик карталар 632,1 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 27,8 миллион донадан ошди. Бу ойда эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш Халқ банки (276,2 минг дона), ANORBANK (76,4 минг дона), Равнақ-банк (48,0 минг дона), TBC Bank (46,0 минг дона) ҳамда "Ипак Йўли" банки (45,5 мингта) да кузатилган. Бундай ҳолатда Халқ банки февраль ойидаги ҳар бир банк иш кунида ўртача 13 807 дона (!) банк картаси эмиссия қилган бўлади. Етакчи ўринларни эгаллаган бошқа банклар турли воситалар орқали янги мижозлар томонидан банк карталарини очтиришларини рағбатлантириб боради.

Шу билан бирга, Ўзмиллийбанк (-41,5 минг дона), Ипотека-банк (-27,1 минг дона) ва Микрокредитбанк (-738 дона) томонидан чиқарилган карталар сонида камайиш кузатилган. Ҳозирча давлат улуши устувор банклар қаторида турган Пойтахтбанк томонидан эмиссия қилинган карталар сони ўзгармаган. Ҳатто февраль ойида Россиянинг кейинчалик ғарб санкцияларига тушган Совкомбанкига сотилган Ўзагроэкспортбанк эмиссия қилган карталари сонида ҳам бироз (+11 дона) ўсиш кузатилган.

Терминаллар сонида ҳам ўсиш қайд этилган — 116 дона. Энг кўп терминал Ўзмиллийбанк (620 та), Инфинбанк (294 та) ва Ориент Финанс банк (250 та) томонидан ўрнатилган. Терминаллар сонидаги сезиларли камайиш Туркистонбанк (-865 та), Савдогарбанк(-157 дона), Ипотека-банк (-136 дона) ҳиссаларига тўғри келган. Умуман олганда, жами 13 та тижорат банки томонидан ўрнатилган тўлов терминаллари сонида камайиш кузатилган бўлса, 6 тасида бу кўрсаткич ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистонда 2022 йил февраль ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 115 та ўсиш қайд этилди. Бу рақам асосан Ўзбекистон банклари орасида банкоматлари ва инфокиосклари сони энг кўп бўлган Капиталбанк (19 дона), Tenge Bank (15 дона), Қишлоқ қурилиш банк ва Ўзмиллийбанк (ҳар бирида 14 донадан), Микрокредитбанк (12 дона) ҳамда Савдогарбанк (11 дона) лар ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 3 та банк — Ипотека-банк, Халқ банки ва Туронбанкларнинг ўрнатган банкомат ва инфокиосклар сонида камайиш бўлган бўлса, 16 банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

Жорий йилнинг февраль ойи давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 24 млн. сўм атрофида тушум тушган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-февраль ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

atm-01-03-22.jpg

×