Россияликларга Ўзбекистонга бориб Visa ва Mastercard карталарини очтириб келишни кўзда тутувчи саёҳат таклифлари пайдо бўлмоқда

Россияда Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларга таклиф қилувчи ва "саёҳат баҳона" Ўзбекистондаги банкларда Visa ва Mastercard карталарини очтириб келишни назарда тутувчи таклифлар пайдо бўла бошлади. Бу ҳақда "Веди Груп" тур-компанияси сайтида эълон жойлаштирилган.

vedi.ru

Скриншот: vedi.ru

Бундай чиптанинг нархи бир киши учун 23 минг рублдан (тахминан 220 АҚШ доллари) бошланади, нарх турар жой, трансфер, банкка ташриф буюришда ҳамроҳлик, ҳужжатларни тайёрлаш ва тиббий суғуртани ўз ичига олади. Авиачипталар ва экскурсиялар учун қўшимча ҳақ тўланади.

Сайёҳларга Тошкентга Екатеринбург, Москва, Қозон, Уфа ва Минерал сувлар шаҳарларидан режалаштирилган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Ўзбекистон Экспресс”ининг тўғридан-тўғри рейслари орқали етиб бориш таклиф қилинмоқда. Авиачипталар нархи жўнаш шаҳрига қараб 28-47 минг рубль орасида ўзгариб туради.

Туроператор вакиллари Ўзбекистон ҳудудида олинган карталар хорижда бепул тўланиши мумкинлигини тушунтирмоқдалар. Бундай турлар учун рўйхатдан ўтишга фақат паспорт кераклиги айтилган.

Маълумот тариқасида: ҳозирда Ўзбекистонда Visa халқаро карталарини 19 та банк орқали, Mastercard халқаро карталарини 13 та банк орқали очиш мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари Россияда ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилган эди. Мижозлар ушбу карталар билан мамлакат ичида операцияларни (нақд пул олиш, карта рақами бўйича пул ўтказмаларини амалга ошириш, офлайн ва Россия онлайн-дўконларида тўловларни амалга ошириш) бажариши мумкин. Бироқ Россияда чиқарилган Visa ва Mastercard карталарининг иши хорижда чекланган.

×