Хабарингиз бор, Марказий банк Бошқарувининг оралиқ йиғилиши якунлари бўйича Матбуот анжумани ўтказилиши кўзда тутилмаган. Айни пайтда юзага келган ташқи вазиятни инобатга олиб, бугунги қабул қилинган қарорни кенг жамоатчиликка атрофлича тушунтириш ҳамда журналист ва блогерлардан электрон манзил орқали келган кўплаб саволларга умумлаштирилган ҳолда жавоб олиш мақсадида, Марказий банк раиси билан ташкил этилган интервью эълон қилинди.
Фото: Шуҳрат Латипов/Газета.уз
– Мамаризо Бердимуратович, ҳозирги геосиёсий вазият Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатмоқда? Қайси асосий таъсир каналларини ажратиб кўрсатган бўлардингиз?
– Умуман олганда, ўтган 2021 йил жаҳон иқтисодиёти ва миллий иқтисодиётимиз учун ҳам пандемиядан кейин тикланиш йили бўлди. Охирги 15-20 кунда молия бозорларида ва асосий савдо ҳамкорларимизда иқтисодий вазият кескин ўзгарди. Ҳозирги қисқа муддатли беқарорликлардан келиб чиқиб иқтисодиётимиз ҳақида якдил хулоса қилиш тўғри бўлмайди.
Мамлакатимизда 2022-2023 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий ва таркибий ислоҳотлар борасидаги чора-тадбирларни белгилаб олинган. Бу, ўз навбатида, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётга ташқи шокларнинг салбий оқибатларини юмшатиш имконини беради. Албатта, ташқи шоклар жорий йилга белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга ўз таъсирини кўрсатади. Вазиятнинг тез ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда, биз ўз ҳисоб-китобларимиз ва прогнозларимизни апрель ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги Марказий банк бошқарув йиғилиши учун қайта кўриб чиқамиз ва эълон қиламиз.
Мен валюта курси, савдо ва молиявий каналларни асосий таъсир каналлари сифатида ажратиб кўрсатган бўлардим. Асосий савдо ҳамкорларимиз миллий валюталарининг қадрсизланиши сўмга қисқа муддатли девальвацион босимни юзага келтирмоқда. Жумладан, пул ўтказмалари ҳажми АҚШ доллари эквивалентида камаймоқда, аҳоли ва тадбиркорларда девальвацион кутилмалар ошди. Бундай босим муқаррар, лекин ўрта муддатли истиқболда, инқирознинг энг юқори таъсирли босқичи ўтганидан сўнг, савдо ҳамкорларнинг валюта курслари ўзининг мувозанатли қийматларига етади ва шунга мос равишда сўмнинг алмашув курсига босим ўтказишни тўхтатади.
Савдо канали деганда Ўзбекистон импорт қиладиган нефть, металлар, дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи каби қатор хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларида нархи ошишини назарда тутяпман. Бундан ташқари, анъанавий юк ташиш йўналишлари мураккаблашмоқда, бу эса яна импорт қилинадиган товарлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин.
Молиявий канал – бу инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб этилиши режалаштирилган кредит линиялари кўринишидаги молиявий ресурслардир. Бўлиб ўтаётган воқеалар биз жойлашган ҳудудимизнинг (минтақамизнинг) инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун янги манбаларни излашга мажбур бўламиз ва бу албатта белгилаб олган таркибий ислоҳотларимизни тезроқ ва самарали амалга оширишни талаб этади. Эҳтимол, баъзи инвестиция лойиҳаларини кейинга қолдиришга тўғри келиши мумкин.
– Курс каналини айтиб ўтдингиз. Сўм курсини ушлаб туриш учун Марказий банк интервенция қиладими?
– Маълумки, Ўзбекистонда валюта либераллашувидан сўнг биз эркин сузувчи валюта курсига ўтдик. Бугунги кунда мамлакатимизда валюта курслари бозор тамойиллари, яъни талаб ва таклиф асосида шаклланади. Шуни таъкидлаш керакки, Марказий банк бошқариладиган валюта курсидан эркин сузувчи валюта курсига узоқ ва қийин ўтишни бошдан кечирди ва валюта курсини эмас, балки инфляцияни асосий мақсади деб билади. Бизда сўмнинг алмашув курси бўйича мақсадли кўрсаткич йўқ. Шу боис Марказий банк “нейтраллик” тамойили асосида валюта интервенциялари сиёсатини давом эттиради.
Айрим ҳолларда Марказий банк ташқи хатарларнинг салбий таъсирини минималлаштириш учун интервенциялар ҳажмини ошириши мумкин. Марказий банкнинг ушбу чоралари макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга ва шу орқали узоқ муддатли инклюзив иқтисодий ўсишга эришишга хизмат қилади.
– Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси бўйича вазиятга муносабат билдирсангиз? Марказий банкнинг жорий йил учун алмашув курси ўзгариши прогнози қандай? Сўнгги 2 ҳафтада миллий валюта алмашув курси 4 фоизга қадрсизланди.
– Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси қадрсизланиши март ойининг дастлабки ярмида тезлашди. Ушбу ҳолат бир томондан ташқи геосиёсий вазият таъсирида экспорт тушумлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли қисқариши (асосан, Россия ва Қозоғистондан) таъсирида ички валюта бозорида таклифнинг қисқариши билан тушунтирилади.
Бошқа томондан, асосий савдо ҳамкорларда миллий валюта курсининг кескин қадрсизланиши ва девальвацион кутилмаларнинг ортиб, ички валюта бозоридаги талабнинг вақтинчалик ўсиши кузатилмоқда.
Биз миллий валюта алмашув курси бўйича прогнозларни амалга оширмаймиз ва сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси ички валюта бозорида ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланган талаб ва таклиф мувозанатига боғлиқ бўлади.
Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларини олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида “нейтраллик тамойиллари” доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди. Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Бугунги бошқарув қарори билан асосий ставканинг оширилиши ҳам маълум маънода миллий валюта курсини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
– Доллар курси сезиларли даражада ўсяпти? Бу ўз-ўзидан инфляцияни ва девальвация хавфини кучайтиради. Буларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар амалга оширилиши режалаштирилган?
– Миллий валюта курси динамикасида ташқи хатарлар ва девальвацион босимлар таъсирларига жавобан тўғриланиш кузатилмоқда, жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланди.
Сўм алмашув курсининг кескин тебранишларини юмшатиш ва ички валюта бозорининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг интервенциялари ҳажми сезиларли даражада оширилди.
Шунингдек, иқтисодиёт субъектларининг девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишини олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ва ташқи хатарларнинг иқтисодиётимизга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий банк Бошқарувининг бугунги қарори билан асосий ставка йиллик 17 фоизгача оширилди.
Бугунги бошқарув қарори билан пул-кредит сиёсати инструментларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Ушбу чоралар банк тизимидаги ликвидликни самарали тартибга солишга ва миллий валютадаги активлар жозибадорлигини оширишга хизмат қилиб, инфляцияга монетар ва девальвацион омиллар томонидан бўладиган босимларни камайтиради.
Шу билан бирга, Ҳукумат билан биргаликда ички бозорда асосий истеъмол товарлари таклифини кўпайтириб бориш, логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш ва юзага келиши мумкин бўлган узилишларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриб борилмоқда.
Ушбу чоралар миллий валюта курсининг кескин тебранишларини олдини олиш, юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган бўлиб, иқтисодиёт субъектларининг инфляцион, девальвацион ва умумий макроиқтисодий кутилмаларига таъсири орқали вазиятнинг барқарорлашишига хизмат қилади.
– Мамлакатда нақд доллар ёки евро тақчиллиги кузатилмоқдами? Нақд хорижий валюта етказиб берилиши бўйича хорижий банклар билан келишувга эришилганми? Норезидентлар учун мамлакатдан нақд хорижий валютани сотиб олиш ёки олиб чиқиб кетиш бўйича вақтинчалик чекловлар ўрнатилиши назарда тутилганми? Умуман нақд хорижий валюта бўйича қандай чекловларни киритиш режалаштирилган?
– Бугунги кунда мамлакатда нақд доллар ёки евро тақчиллиги ҳолатлари кузатилмаяпти. Тижорат банклари ички бозорда нақд хорижий валюта етарлилигини таъминлаб келмоқдалар. Мавжуд нақд валюта захиралари ўртача 3-4 ойлик нақд айирбошлаш операцияларига бўлган талабни тўлиқ қондира олади.
2020 йилда пандемиянинг бошланғич даврида авиақатновлар бўйича аксарият давлатлар томонидан киритилган чекловлар сабабли тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютанинг мустақил олиб келиниши қийинлашган эди. Бундай вазиятда Марказий банк томонидан нақд хорижий валютани олиб келиш жараёнини марказлашган ҳолда ташкил этилиб, тижорат банкларига тақдим этилган.
Келгусида тақчиллик вазиятлари юзага келадиган бўлса, албатта нақд валютани марказлашган тартибда олиб келиш бўйича зарурий чоралар кўрилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг 22-моддасига мувофиқ, жисмоний шахлар учун нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш 100 млн. сўм эквивалентидан ошмаган суммада амалга оширилиши мумкинлиги, юридик шахслар учун нақд хорижий валютани мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш таъқиқланган. Ушбу талаб норезидентлар учун ҳам амал қилади.
Бугунги кунда нақд хорижий валюта амалиётлари бўйича қўшимча талаблар ёки чекловлар киритилиши режалаштирилмаган.
– Умуман, валюта чекловларини жорий этиш зарур деб ўйлайсизми?
– Аксинча, ўрта муддатли истиқболда капитал оқимини либераллаштириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, молия бозорларини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича ишлар амалга оширилади.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, инфляцияни таргетлаш режимига ўтаётган Ўзбекистон учун тўғридан-тўғри валюта чекловларининг жорий этилиши орқага қадам бўлади.
– Cўмнинг алмашув курси ҳам бироз вақт ўтгандан кейин рубль ва тенге курси билан бир хил даражада қадрсизланади деган хавотирлар бор. Шундайми ва агар йўқ бўлса сабаби тўғрисида қисқача тўхталиб ўтсангиз?
– Сўмнинг алмашув курси рубль ёки тенгенинг курси билан бир хил даражада қадрсизланиши керак деган фикр нотўғри, албатта. Ҳар бир давлатнинг ўзига хос макроиқтисодий сиёсати, ташқи савдо алоқалари, капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта сиёсати мавжуд.
Валюта курсининг фундаментал тебраниши энг аввало макроиқтисодий барқарорлик билан боғлиқ.
Бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида геосиёсий вазиятларга қарамасдан мамалакатимизда амалга оширилаётган макроиқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни изчиллик билан давом эттириш энг устувор вазифалар этиб белгиланган. Бу эса барқарорликнинг муҳим асоси ҳисобланади.
Ташқи хатарлар шароитида Россия ва Қозоғистонда миллий валютанинг кескин қадрсизланиши бир томондан мамлакатдан капитал оқимининг чиқиб кетиш ҳажмига ҳам боғлиқ. Ҳар иккала давлатда капитал ҳисобварағи нисбатан очиқ бўлиб, норезидентларнинг банк тизимидаги депозитлари ва давлат қимматли қоғозларидаги улуши сезиларли бўлган. Инқирозли вазият бошланиши билан уларнинг чиқиб кетиши натижасида валютага бўлган талаб ортиб рубль ва тенгенинг кескин қадрсизланиши кузатилди.
Биз эса капитал ҳаракати билан боғлиқ эркинлаштириш жараёнининг дастлабки босқичидамиз. Бизда норезидентларнинг депозитлари ҳам деярли йўқ ва улар давлат қимматли қоғозларига ҳам эгалик қилишмайди. Шу сабабли, ташқи хатарлар шароитида бизда мамлакатдан сезиларли валюта чиқиб кетиш хатари мавжуд эмас ва мос равишда сўмнинг курси нисбатан барқарор бўлиши башорат қилинади.
Иккинчи томондан, миллий валюта алмашув курсининг асосий савдо ҳамкорлардан бўлган Россия ва Қозоғистон валюталари курсига мослашувида рубль ва тенгенинг номинал алмашув курсига эмас балки реал алмашув курсига, яъни инфляция даражасига мувофиқлашган курсига эътибор бериш керак. Айтайлик, рублнинг курси 20-30 фоизга қадрсизланиши билан мамлакатда инфляция даражаси ҳам ортиб боради ва реал алмашув курси қадрсизланиши пастроқ даражада бўлади.
Шундан келиб чиқиб, сўмнинг ҳам келгусида айнан қўшни давлатлар валюталари даражасида кескин қадрсизланишини кутиш, валюта курси қадрсизланишда давом этар экан, деб ваҳима уйғотиш нотўғри бўлади.
– Пул ўтказмалари бўйича прогнозлар қандай?
– Март ойидан буён Россиядан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада камаймоқда. Хусусан, 2022 йил март ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмаларининг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли пасайиши кузатилмоқда. Бироқ, пул ўтказмаларининг қисқариши фақат рублнинг қулаши туфайли содир бўлганлигини ҳали ҳам аниқ айтиш қийин. Катта эҳтимол билан, юқори даражадаги ноаниқликлар бу ерда катта роль ўйнайди, бу меҳнат мухожирларининг пул жўнатиш ёки юбормаслик қарорларига таъсир қилади.
Россияда санкциялар натижасида юзага келган иқтисодий вазият ўрта муддатли истиқболда пул ўтказмалари манбаларида таркибий ўзгаришлар ва ички бозоримизда хорижий валюта таклифининг тикланиши кузатилади.
– Мамлакат олтин-валюта захиралари ҳажми яқин келажакда қандай ўзгаради?
– Биринчидан, Марказий банк валюта интервенциялари сиёсатида “нейтраллик” тамойилига амал қилишда давом этади. Бу Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажмининг ўзгаришига таъсир қилмайди.
Иккинчидан, олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи халқаро захиралар ҳажмининг ўзгаришига таъсир қилади. Жаҳон бозорида олтин нархи йил бошидан буён (2022 йил 16 март ҳолатига кўра) қарийб 7 фоизга ошди, бу халқаро захираларни қўллаб-қувватловчи омил ҳисобланади. Яқин келажакда, геосиёсий кескинлик пасайиши ҳисобига олтин нархининг йил бошидаги даражага қайтишини кутишимиз мумкин.
Учинчидан, умумий фискал тақчиллик нархлар ва молиявий барқарорликка таъсир қилувчи омиллардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун бюджет тақчиллигини тасдиқланган параметрлар доирасида ушлаб туриш муҳим аҳамиятга эга.
– Ўзбекистон ички бозоридаги нархлар ўсиш динамикаси ва аҳолининг инфляцион кутилмаларида қандай ўзгаришлар юз берди?
– Марказий банк кузатувлари натижаларига кўра, март ойининг биринчи ярмида республика ҳудудларида асосий истеъмол товарлари нархи 0,6 фоизга ошган. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга ва хизматлар 0,2 фоизга қимматлашди.
2022 йил февраль ойида ўтказилган сўровга кўра, уй хўжаликларининг кейинги 12 ойлик инфляцион кутилмалари 14 фоизни ташкил этди. Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 0,3 фоиз бандга ошди ва 14,6 фоизга тенг бўлди.
Жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия нархларининг сезиларли даражада ошиши, ташқи етказиб бериш географиясининг қисқариши ва ўзгариши, истеъмол товарларини импорт қилишда логистика билан боғлиқ муаммолар йил охиригача ички нархларга қўшимча босим ўтказиши эҳтимоли ортиб бормоқда.
Ҳозирги шароитда Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимликлар номонетар омилларни бартараф этиш, шу жумладан, бозорларда таклифнинг зарур ҳажмларини таъминлаш йўли билан ички нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.
– Ҳозирги вазият Ўзбекистон банк тизимига таъсир қилиши мумкинми?
– Юзага келган вазиятда Марказий банк томонидан ташқи савдо алоқалари бўйича тўлов тизимининг узлуксиз ишлаши ва молиявий барқарорликни таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Биз савдо ҳамкорларимиз банклари олдидаги молиявий мажбуриятларнинг бажарилишини ва улар билан боғлиқ рискларнинг банк тизимининг ликвидлигига таъсирини баҳолаш учун дастлабки стресс-тестларини ўтказдик. Олинган натижаларига кўра, хатарли сценарий шароитларида ҳам маҳаллий банкларнинг ликвид маблағларида маълум бир даражада пасайишлар кузатилсада, етарли миқдорда ликвидлилик буферларининг мавжудлиги ҳисобига минимал талаблардан камайиб кетиш ҳолатлари юзага келмайди.
Банк тизимини зарур ликвидлик билан таъминлаш мақсадида Марказий банк тижорат банкларига зарур ҳолларда қисқа муддатли ликвидлик беради. Марказий банкда тижорат банкларида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди, банклар билан мунтазам оператив алоқа каналлари йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, тижорат банклари аҳоли ва тадбиркорларнинг талаблари бўйича тўловлар ва бошқа мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажаришлари учун барча имкониятларга эгалар.
– Банк тизимида долларлашув даражаси юқорилигича қолмоқда ва бу тижорат банклари учун пруденциал норматив чораларини бажаришда қийинчиликни юзага келтириши мумкин. Ушбу йўналишда Марказий банк томонидан қандай чоралар амалга оширилиши режалаштирилган? Экспертлар юқори долларлашув даражаси сабабли айрим давлат банклари капитал етарлилиги бўйича муаммоларга дуч келиши мумкинлигини билдиришмоқда. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланиладими?
– Бугунги кунда банк тизимида депозитлар долларлашуви 41 фоизни ва кредитлар долларлашуви 47 фоизни ташкил этмоқда. Таъкидлаш жоизки, банкларда долларлашув даражаси юқори бўлгани билан хорижий валюта номутаносиблиги кўрсаткичлари юқори эмас. Яъни, хорижий валютадаги активлар ва мажбуриятларнинг суммаси ўртасидаги тафовут минимал даражада сақланмоқда. Шу сабабли, ҳам айирбошлаш курсидаги ўзгаришлар банкларнинг молиявий ҳолатига катта таъсирга эга бўлмайди.
Иқтисодиётда долларлашув даражасини пасайтириш мақсадида бир қатор чоралар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижий валюта жалб этилган депозитлар бўйича мажбурий захира меъёрларининг миллий валютадаги депозитларга нисбатан юқорилиги, аҳолига хорижий валютада кредитларнинг ажратилмаслиги ва хорижий валютада юқори фоиз ставкада ажратилган кредитларнинг хатарлилик даражасининг оширилганлиги каби чоралар шулар жумласидандир.
Ўз навбатида, жорий ташқи хатарлар шароитида Марказий банк ички валюта бозорига интервенциялар ҳажмини ошириш ва Марказий банк асосий ставкасини йиллик 17 фоизгача ошириш орқали иқтисодиёт субъектларининг девальвацион кутилмаларини жиловлашни мақсад қилинган. Ушбу чоралар миллий валюта алмашув курсининг барқарорлашишига хизмат қилади. Бу эса банк тизими ва умумий молиявий барқарорликка ижобий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, юқори долларлашув даражаси шароитида валюта курси ўзгаришининг банкларнинг капитал монандлиги кўрсаткичига салбий таъсири эҳтимоли мавжуд бўлиб, ушбу таъсир кўлами сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиш даражасига боғлиқ.
2022 йил 1 февраль ҳолатига умумий банк тизимининг капитал монандлилик даражаси 17,4 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда Марказий банк томонидан турли сценарийлар асосида банк тизими молиявий ҳолати стресс-тестдан ўтказилмоқда ва юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсирларни олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриб борилади. Бироқ, капитал монандлилик кўрсаткичининг бугунги кундаги етарлилик даражасида бўлганлиги сабабли давлат банклари капиталини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар режалаштирилмаган.
– Банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) ҳажмининг ортишини кутиляптими? Агар Россия ва бошқа давлатлардан пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши кузатилса (Жаҳон банки 21 фоизга қисқаришни прогноз қилмоқда), бу аҳоли томонидан кредит тўловлари бўйича муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмайдими? Регулятор муаммоли кредитлар ҳажми ортишини олдини олиш бўйича қандай чораларни режалаштирган?
– Таъкидлаш жоизки, юзага келган ташқи хатарли вазият бўйича ноаниқлик даражаси юқори бўлиб, унинг ривожланиши бўйича эҳтимолий кутилмалардан келиб чиқиб Марказий банк молиявий тизим кўрсаткичларини стресс-тестдан ўтказмоқда.
Бунда, пул ўтказмалари камайиши ҳисобига аҳоли даромадларининг қисқариши, ўз навбатида, уларнинг кредит тўлови интизомига ҳам маълум маънода кўрсатади, албатта.
Тўлов интизомида салбий ўзгаришлар кузатилиши бориши билан Марказий банк ҳам ўз навбатида, банк тизимида муаммоли кредитлар ҳажми ўсишини олдини олиш бўйича чораларни амалга оширади ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, зарурият юзага келганда тижорат банкларига ҳар бир мижоз бўйича алоҳида ёндашишни тавсия этмоқда.
– Марказий банк асосий ставкаси оширилди, бунинг аввал олинган кредитларга, хусусан таълим кредитларига таъсири бўладими ёки йўқми?
– Марказий банкнинг асосий ставкаси (олдинги қайта молиялаш ставкаси) ўзгартирилган тақдирда унинг жорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлади. Хусусан, тижорат банклари ва мижозлар ўртасида ўзгармас фоиз ставкаларида тузилган шартномаларга Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришлари таъсир этмайди.
Банклар ва мижозлар ўртасида тузилган ўзгарувчан фоиз ставкали, хусусан, Марказий банк асосий ставкасига боғланган ҳолда тузилган фоиз ставкалари шартномаларга таъсири эса ушбу шартномада келишилган шартлар ёки кредит ажратиш бўйича тегишли Низом талабларига мувофиқ бўлади.
Жумладан, олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитини ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18-августдаги 527-сонли “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитилари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори орқали тартибга солинади.
Ушбу қарор билан тасдиқланган низомнинг 22-бандига мувофиқ, таълим кредити тижорат банклари томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади. Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.
– Пулни тежаш учун оддий фуқароларга қандай маслаҳат берасиз?
– Энг муҳими, ноаниқлик шароитида ваҳима уйғотмаслик ва шошиб ўйламасдан қарорлар қабул қилмаслик керак. Тарих шуни кўрсатадики, ваҳима келтириб чиқарадиган иқтисодий йўқотишлар иқтисодий шокларнинг ўзидан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин, бу муҳим сабабдир.
Банкларимиз томонидан таклиф этилаётган миллий валютадаги омонатлар шартлари ва фоиз ставкалари жозибадор ҳисобланади. Мамлакатимизда инфляция даражаси, айирбошлаш курси динамикаси ва омонатлар бўйича фоиз ставкалари орасидаги ижобийликни ҳисобга олсак, маблағларни миллий валютада узоқ муддат сақлаш тўғри қарордир.
Ҳар қандай ҳолатда барча омонатчиларга маблағларнинг тўлиқ қайтарилиши давлат томонидан кафолатланади.
Тасодифий хабарлар
Агробанкнинг аҳоли молиявий саводхонлигини оширишдаги ишлари эътироф этилди
Тошкент шаҳрида ХУЖМШларнинг қарийб 50 млрд. сўм муаммоли кредитлари мавжуд
AloqaBank “ICTWEEK UZBEKISTAN 2024” доирасида Visa Infinite картасини тақдим қилди