Январь-февраль ойларида 1,8 трлн. сўмлик ипотека кредитлари ажратилган

Марказий банк январь ва февраль ойларида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича маълумот тақдим этди.

ипотека2

Инфографика: Марказий банк

Регулятор хабарига кўра, 2022 йилнинг дастлабки икки ойида аҳолига 1,8 трлн. сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. 2022 йил февраль ойи якунига кўра, аҳолига ажратилган ипотека кредитлари қолдиғи эса 37 трлн. сўмни ташкил қилмоқда.

2022 йилнинг январь ва февраль ойларида энг кўп ажратилган ипотека кредитлари Тошкент шаҳри (503,6 млрд. сўм), Фарғона (183,7 млрд. сўм), Самарқанд (174,5 млрд. сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Иккиламчи бозор учун ажратилган ипотека кредитлари

Бу даврда ажратилган ипотека кредитларининг 88 фоизи бирламчи бозордан, 12 фоизи иккиламчи бозордан уйлар харид қилиш учун сарфланган. 2021 йилда иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларнинг жами ипотека кредитларидаги улуши 25 фоизни ташкил қилган эди.

2022 йилнинг бошида иккиламчи бозор учун ажратилган ипотека кредитлари улушининг камайиши мазкур даврда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан банкларга иккиламчи бозор учун аҳолига ипотека кредитлари бериш учун ресурслар ажратилиши тўхтатилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

ИҚМК томонидан банкларга ресурслар берилишининг тўхтатишига 2023 йилнинг I чорагига қадар ажратилиши мўлжалланган Осиё тараққиёт банкининг 150 млн. доллар миқдоридаги маблағи 2022 йилнинг I чораги давомида ўзлаштириб бўлиниши кутилмаси сабаб бўлган эди.

Ҳозирда иккиламчи бозордан уй сотиб олишни истаган мижозлар учун банклар ўзларининг тижорий ипотека кредитларини таклиф қилишмоқда.

Шунингдек, февраль ойининг бошида Молия вазирлиги 2022 йилнинг I ярим йиллигида ўз маблағлари ҳисобидан ипотека кредитларини қайта молиялаштириши тўғрисида хабар берди.

Ипотека кредитларининг молиялаштириш манбалари

2022 йилнинг дастлабки икки ойида ажратилган ипотека кредитлари, асосан, Молия вазирлиги ресурслари ҳисобидан молиялаштирилди. Вазирлик бунинг учун 1 трлн. 459,2 млрд. сўм маблағ ажратди. Кредитларнинг 261,5 млрд. сўми банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, 32,9 млрд. сўми Молия вазирлиги ҳузуридаги Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан молиялаштирилди.

×