Ўзбекистонда банк кредити ва долларга бўлган талаб деярли тўлиқ тикланди

Ўзбекистонда молиявий ресурслар, хусусан, кредит ва хорижий валютага бўлган талаб босқичма-босқич тикланиб бормоқда, дейилади Марказий банкнинг пресс-релизида. Январ-феврал ойларида банклар ажратган кредитлар ҳажми 18,8 трлн. сўмни ташкил этди (ўтган йилнинг мос даврида 18,7 трлн. сўм). Импорт учун хорижий валюта хариди 1,72 миллиард долларни ташкил этиб, деярли ўтган йилги кўрсаткичга етди ($1,77 млрд).

Республика товар-хомашё биржасидаги умумий айланма февраль ойида январь ойига нисбатан 26,5 фоизга ва ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 1,6 баробарга кўпайди. Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий сони ҳам февраль ойида ўтган ойга нисбатан 19,6 фоизга ошди.

Ташқи талабнинг тикланиб бориши шароитида жорий йилнинг январь-февраль ойларида экспорт тушумлари (олтинни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ўсиб, 1,4 млрд. долларга етди. Бунда, февраль ойида экпортдан тушумлар 743 млн. долларни ташкил этиб, январь ойига нисбатан 13 фоизга ўсди.

Трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича тушумлар жорий йилнинг январь-февраль ойларида 892 млн. долл. ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошди. Ушбу омиллар ички валюта бозорида таклифни қўллаб қувватлашга хизмат қилди ва натижада миллий валюта алмашув курси нисбатан барқарор шаклланиб, 2021 йил 1 март ҳолатига девальвация даражаси йил бошига нисбатан 0,6 фоизни ташкил этди.

Теглар:
×