Ўзбекистон банклари ўз мижозлари бўлмиш Visa ва Mastercard карталари эгаларини огоҳлантиришмоқда

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 9 март кунидан эътиборан дунёнинг икки йирик тўлов тизимлари - Visa ҳамда Mastercard Россияда ўз фаолиятини якунлашини эълон қилдилар. Бу - мазкур тўлов тизимига тааллуқли карталар мамлакат ҳудудидаги барча турдаги терминалларга (шу жумладан онлайн дўконларда ҳам) тўловга қабул қилиш имкониятини чеклашини билдиради.

mastercard-visa.jpg

Фото: Reuters

Шундан келиб чиқиб, бугун Ўзбекистондаги айрим банклар ўз мижозларига огоҳлантириш билан чиқдилар.

Хусусан, Ўзмиллийбанк ўзининг расмий телеграм каналида қуйидаги мазмунда эълон жойлаштирди:

"Visa ва Mastercard фойдаланувчи мижозларимиз диққатига!

Visa ва Mastercard тўлов тизимларининг Россия Федерацияси ҳудудида фаолиятини чеклаш ҳақида қабул қилган қарори туфайли, Ўзбекистон Республикасида чиқарилган карталарига Россия Федерациясида хизмат кўрсатиш тўхтатилади шунингдек, Россия банкларига тегишли карталар Ўзбекистон ҳудудида амал қилишни тўхтатади.

Шу туфайли, Россия Федерацияси ҳудудида зарур харид ва тўловларни амалга ошириш учун ўзингиз билан нақд пул маблағлари олишингизни тавсия этамиз."

Бундан ташқари йирик банклардан Асакабанк, InFinbank ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк ҳам мижозларига шу мазмунда мурожаат қилди. Ушбу банкларнинг мурожаатида Visa ҳамда Mastercard тўлов тизимларининг карталари Россия Федерацияси худудида қабул қилиниши тўхтатилиши билан қаторда, уларнинг Ўзбекистондан туриб Россия интернет дўконларидан харидни амалга ошириб ҳам бўлмаслиги айтилди.

Ўзсаноатқурилишбанк, шунингдек, ўз мурожаатида Россия Федерацияси худудида фойдаланиш учун UnionPay карталаридан фойдаланиш мумкинлигини эслатган.

Теглар:
×