Ўзбекистон банкларида рубль савдоси ва курси маъмурий усулда тартибга солинаётганлиги айтилмоқда

rubl-so'm (1)

Ижтимоий тармоқларда ўзбек банкларида рубль сотиб олиш ва сотиш амалиётини жорий қилиши тўғрисида хабарлар тарқалди. Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида рубль сотиб олиш ва сотиш курси шартлари маъмурий коридор доирасида амалга оширилиши ва бугунги кун учун тавсия этилган коридор рублни сотиб олиш курси 97 сўм, сотиш курси эса 102 сўм бўлгани тўғрисида ёзди.

Bankers.uz ушбу вазият юзасидан ўзбек банкларида рублнинг сотиш ва сотиб олиш курси қанақа эканлиги билан қизиқди.

3 март куни 14:00 ҳолатида 17 та банк рубль/сўм жуфтлиги савдоларини тавсия этилган коридорда амалга оширмоқда. Булар Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Агробанк, Халқ банки, Қишлоқ қурилиш банк, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Туронбанк, Пойтахтбанк, Hamkorbank, Капиталбанк, Ориент Финанс банк, Трастбанк, Asia Allince Bank, Универсалбанк, Зираат банк, Равнақ-банклар.

Юқоридаги банклардан Халқ банки, Микрокредитбанк, Трастбанк, Туронбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Пойтахтбанк, Hamkorbank, Капиталбанк, Asia Alliance Bank, Равнақ-банклар бугунги банк кунида рубль билан савдоларни 97/102 коридорда бошламаган. Халқ банки бугунги кун учун хорижий валюта курсларини уч маротаба ўзгартирди. Банк иш куни Россия рублини 80 сўмдан сотиб олиб, 105 сўмдан сотиш курси бўйича бошлади. Соат 10:00 га келиб, Халқ банкида рубль бўйича савдолар 97/102 жуфтлигида олиб борилди. Соат 12:00 да эса Россия рублининг сотув курси 98 сўмгача пасайтирилди. Ҳозирда рубль сотиб олишни режалаштирган одамлар учун энг мақбул курс Халқ банкида бўлмоқда.

Давлат улуши устувор бўлган банклар орасида Ўзмиллийбанк ва Ипотека-банклар Россия рубли курсини мустақил белгилаган.

Ушбу амалиётнинг жорий этилиши иқтисодчиларда хавотир уйғотмоқда. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов "рубль билан ўзбек сўмини бир саватга қўйиш - рублдаги барча рискларни сўмга юклашга тенг бўлишини" билдирди. Б.Ҳошимов валюта курсини белгилашни бозорга қўйиб бериш кераклигини қўшимча қилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса "агар рубль олиш ва сотиш бўйича торайтирилган маъмурий коридор, масалан +-1 фоиз қўлланиладиган бўлса, Ўзбекистонга вагонларда рубль кириши ва Ўзбекистондан вагонлаб доллар чиқиб кетиши", тўғрисида ёзди.

Валюта операцияларини амалга оширишга доир амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк кассаларига АҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги, Евро, швейцария франки, япон иенаси ҳамда тижорат банкларининг ихтиёрига кўра бошқа чет эл валюталари қабул қилиниши мумкин. Ушбу рўйхатда Россия рубли йўқ.

×