Фото: megabonus.com
Ягона умумреспублика процессинг маркази (UZCARD тўлов тизими) Россиянинг "Мир" Миллий тўлов карталари тизими карталарини қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Амалга оширилаётган техник ишлар муносабати билан, 2022 йил 3 мартдан МИР тўлов тизими карталарини UZCARD терминал ускуналари мавжуд паркининг барча қурилмалари, жумладан, POS-терминаллар, банкоматлар ва инфокиоскалар томонидан қабул қилиниши вақтинчалик тўхтатилади," - дейилади компания хабарида.
UZCARD, шунингдек, 28 февралдан бошлаб МИР тизимига аъзо банкларнинг мобил иловалари орқали юбориладиган трансчегаравий ўтказмалар хизмати вақтинча тўхтатган эди.
Bankers.uz ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Россиянинг Мир тизимидаги карталардан пул ўтказмаларини қабул қилиш имкониятига эга бўлган бир нечта ўзбек банклари билан боғланди. Bankers.uz боғланган банклар вакиллари ҳам Мир тизимидан пул ўтказмалар вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ва унинг ортидан ғарб томонидан Россияга қўлланилган санкциялар фонида Ўзбекистоннинг бир нечта тижорат банклари у ёки бу даражада Россиядан пул ўтказмалари қабул қилиш ва Россияга пул юборишга вақтинчалик чеклов ўрнатган. 25 февраль куни, тижорат банклари орасидан биринчи бўлиб Hamkorbank "банк тизимида олиб борилаётган техник ишлар ҳамда мижозларнинг молиявий йўқотишларига йўл қўймаслик мақсадида" Сбербанк Онлайн мобил иловаси орқали ўзининг пластик карталарига юборилаётган маблағларни кирим қилишни вақтинча тўхтатди. Hamkorbank'нинг техник ишлари 28 февраль куни якунланди ва шу куни банк томонидан Сбербанкнинг мобил иловаси орқали юборилаётган маблағларни ўзининг пластик карталарига кирим қилишни қайта тиклади.
28 февралдан бошлаб "Ипак Йўли" банки орқали "Unistream" пул ўтказмаларини жўнатиш ва қабул қилиш вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, Сбербанк Онлайн орқали жўнатилган ўтказмаларни банк карталарига кирим қилиш ҳам вақтинча тўхтатилган. Shu kuni Tenge Bank Россиянинг ВТБ, Совкомбанк, "Открытие" банки ҳамда Новикомбанк банклари билан SWIFT банк ўтказмаларини вақтинча тўхтатганини маълум қилди. 2 март куни Европа Иттифоқи ушбу банкларни SWIFT тизимидан узиб қўйди.
Шунингдек, Bank Apelsin'да валюта курсларининг юқори волатиллиги сабабли рублда маблағ жўнатиш ва қабул қилиш вақтинча тўхтатилган.
1 март куни "КДБ Банк Ўзбекистон" ушбу банкдаги ҳисоб рақамларидан фойдаланган ҳолда яқинда санкциялар рўйхатига киритилган хорижий банклар билан операцияларни вақтинчалик тўхтатиб қўйгани ҳақида маълум қилди.
Тасодифий хабарлар
Алоқабанк бош офиси IT-Park ҳудудидаги бинога кўчиб ўтганини маълум қилди
Гарант банкка янги бошқарув раиси тайинланди
Пластик карта билан эмас, нақд пул билан ишланглар - Тошкент шаҳар ҳокими ёшларга маслаҳат берди